Ижтимоий тармоқларда бир неча киши йигитни калтаклаб, тепгани ва унга кўкдори (зелёнка) сепгани акс этган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа 12 октябрь куни соат 21:00 атрофида содир бўлган. 2003 йилда туғилган Ж.Р., 2001 йилда туғилган Ш. A. ва 2005 йилда туғилган Р.A. Telegram-bot орқали гиёҳвандлик моддаларни тарқатиш билан шуғулланган 2003 йилда туғилган A.Б. билан Миробод туманида учрашув белгилаган.

Шундан сўнг, уни Бўстонлиқ туманига олиб бориб, уриб, тан жароҳати етказган ва устига бриллиант кўки эритмаси сепган.

Видеода йигит уни калтакламасликни сўраганини, шунингдек, бошқа бундай қилмасликка ваъда берганини эшитиш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (Одам ўғирлаш) ва 105-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

«Тергов жараёнида Ж.Р., Ш. A. ва Р.A. шунга ўхшаш бошқа бир қанча жиноятларни содир этишга алоқадорлиги аниқланган. Тергов давом этмоқда», — дейилади хабарда.