Прогнозлар ялпи ички маҳсулотнинг чорак якунлари кўрсаткичларида аниқланмаган ўзига хос жиҳатларини очиб берди.

Хусусан, жорий йилнинг февраль-март ойларида сезиларли пасайиш кузатилди. Аммо Ўзбекистон иқтисодиёти иккинчи чорак давомида сезиларли даражада тикланиб, юқори суръатларда ўсди, дейилади иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Асрор Нигмонов тақдим этган таҳлилий мақолада.

Ўзбекистоннинг биринчи чоракдаги иқтисодий ўсиши одатда мавсумий омиллар ҳисобига паст бўлади. 2018−2021 йиллар давомида Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши биринчи чоракда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишидан ўртача 0,43 фоизга кам бўлди. Шу сабабли, салбий омилларнинг иқтисодиётга таъсири кучли бўлди ва 2022 йилнинг биринчи чорагида ЯИМ ўсишини секинлаштирди.

Юқорида айтиб ўтилган омилларни ҳисобга олган, шунингдек, ЯИМ динамикасининг ҳафталик прогноз кўрсаткичларини жамлаган ҳолда, 2022 йил биринчи ярмида 2021 йил биринчи ярмига нисбатан иқтисодий ўсишнинг тахминий кўрсаткичлари 4,99 фоизни ташкил қилди, дейилади хабарда.

2022 йилнинг учинчи чорагида ЯИМнинг тахминий ҳафталик динамикасида ўсиб бораётган тенденция кузатилмоқда, бу эса ЯИМ ўсиш суръатини йилига камида 0,68 фоизга оширади. Бунга кўра, 2022 йил учун ЯИМнинг реал ўсиш суръати 5,77 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, 2022 йил учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогноз қилинаётган диапазони 5,67−5,87 фоиз даражасида белгиланди.

2022 йил учун ЯИМ ўсиш прогнози

Ноукастинг усули — бир қатор ривожланган мамлакатлар, Англия банки, Европа Марказий банки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан миллий иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқишда кенг қўлланилади. Ушбу тоифадаги моделлар анъанавий моделларга ўхшаш хусусиятларга эга, аммо «инқироз» ҳолатларида улардан сезиларли даражада устундир.

Маълумот учун, ЕТТБ 2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши прогнозини 5,6 фоиздан 6,8 фоизга оширган эди. Кейинчалик эса Украинадаги уруш туфайли Ўзбекистонда ЯИМ ўсиш суръатининг 6 фоизга эмас, 4 фоизга ўсиши кутилмоқда дея хабар берди.

Шунингдек, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ҳисоб палатасининг хулосасига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши айтиб ўтилган.