2022 йилда ЯИМ ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан Ҳисоб палатаси хулосасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йилда ЯИМ ҳажми қарийб 840 трлн сўмни (74,2 млрд доллар) ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Аҳоли жон бошига ЯИМ 23,8 млн сўм (2,1 минг доллар) миқдорида шаклланиши режалаштирилган. 2020 йилда ЯИМ ҳажми 580,2 трлн сўмни ташкил қилган эди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, ЯИМ жорий нархларда 519,8 трлн сўмни ташкил этди.

2022 йилда ЯИМ ўсиш суръатини 5,9 фоизга етказиш ва 2023 йилда 6,2 фоиз, 2024 йилда 6,6 фоиз ўсишга эришиш режалаштирилган. 2021 йил якуни бўйича эса мамлакат ЯИМ ўсиши 6,5−7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

2022 йилда ЯИМ таркибида қўшилган қиймат 92,6 фоиз ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 7,4 фоиз ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йилда асосий тармоқлар кесимида ЯИМ таркиби қуйидагича шаклланади:

  • саноат — 217,7 трлн сўм;
  • қишлоқ хўжалиги — 207,6 трлн сўм;
  • қурилиш — 52,5 трлн сўм;
  • хизматлар соҳаси — 300,3 трлн сўм.

«Газета.uz» томонидан тайёрланган.

Асосий тармоқларда кутилаётган реал ўсиш миқдори:

  • қурилиш — 8,1 фоиз;
  • саноат — 7,0 фоиз;
  • хизматлар соҳаси — 6,5 фоиз;
  • қишлоқ хўжалиги — 3,1 фоиз.

Шунингдек, маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми ўсиши 7,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

2022 йилда ташқи савдо айланмаси 46,3 млрд долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шундан:

  • экспорт — 20,2 млрд доллар;
  • импорт — 26,1 млрд доллар.

«Экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 19,0 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 27,2 фоизига, импорт ҳажми эса 9,5 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 35,2 фоизига тўғри келиши кутилмоқда», — дейилади Ҳисоб палатаси хулосасида.

Прогнозга кўра, ташқи савдо айланмаси сальдоси 5,9 млрд доллар миқдорида салбий баланс билан якунланади.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,2 млрд долларни ташкил этган эди. Жорий йилда ташқи савдо айланмасида импорт ҳажми экспорт ҳажмига қараганда йирикроқ ҳажмда ўсиши кузатилмоқда. Январь-сентябрь ҳолатига ташқи савдо салбий сальдоси 7,6 млрд долларни ташкил этган.

Ўрта истиқболда мамлакатда инфляция даражасини босқичма-босқич пасайтириб бориш кўзда тутилмоқда. Хусусан, инфляция даражаси 2021 йилда 10 фоиз ва 2022 йилда 9,0 фоиз атрофида бўлиши прогноз кутилмоқда.

2022 йил учун давлат бюджети юзасидан Ҳисоб палатаси хулосасидан.

Шунингдек, 2022 йилда энергия ресурслари тарифлари индексация қилиниши (ошиши) кўзда тутилмоқда. Энергия ресурслари тариф нархларининг 2022 йилда кескин оширилиши фонида, инфляция даражасининг ўтган йилга нисбатан пасайишини таъминлаш учун бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини сезиларли даражада пасайтириш чораларини кўриш режалаштирилган. Жумладан, тегишли давлат мутасадди ташкилотларига истеъмол таркибида юқори вазнга эга озиқ-овқат, ноозиқ-овқат товарлари ва бошқа хизматлар нархларининг барқарорлиги таъминлаш тавсия этилган.