Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Украинада кечаётган урушнинг банк фаолият юритаётган минтақалар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига салбий таъсири хусусидаги прогнозларини эълон қилди.

Қайта кўриб чиқилган прогнозлар шуни кўрсатадики, уруш оқибатлари фақатгина урушаётган мамлакатлар иқтисодиёти билан чекланиб қолмай, бошқа минтақаларда ҳам ўз акс-садосини беради ва бутун дунё иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Банк прогнозларига кўра, ўзи фаолият олиб бораётган ҳудудларда 2022 йилда, аввал эълон қилинганидек 4,2 фоиз эмас, бор-йўғи 1,7 фоиз иқтисодий ўсиш кузатилади.

Хусусан, Марказий Осиё минтақасида 2022 йилда ЯИМ ўсиш суръати аввал 4,8 фоиз атрофида прогноз қилинган бўлса, янгиланган прогнозлар иқтисодий ўсиш 3,2 фоизни ташкил этишини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши прогнози 6 фоиздан 4 фоизгача, Қозоғистонда — 3,8 фоиздан 2 фоизгача, Қирғизистонда — 5 фоиздан 1 фоизгача, Тожикистонда — 6,2 фоиздан 3 фоизгача пасайган.

Айни пайтда жаҳон иқтисодиёти 1970 йиллардан бери энг йирик таъминот узилишига дуч келмоқда. Банк тадқиқоти 2022 йилда Украина ЯИМининг 20 фоизга, Россия ЯИМининг 10 фоизга пасайишини прогноз қилмоқда. Шу билан бирга, Россия ва Украина жаҳон бозорларига хомашё маҳсулотлари, жумладан, буғдой, маккажўхори, ўғитлар, титан ва никель етказиб беришда номутаносиб равишдаги йирик улушга эга.

Банк прогнозларига кўра, Украинада 2022 йилги мавсумда ҳосил қисман йиғиб олинади, бироқ озиқ-овқат нархлари даражаси йил охиригача юқорилигича қолиши кутилмоқда. Тинчлик сулҳи тузилганидан сўнг нефть нархи барқарорлашиши, хусусан, 2022 йил охирига келиб Brent бир баррели учун 90 долларгача пасайиши мумкин.

Озиқ-овқат, нефть, газ ва металлар каби товарлар нархининг кўтарилиши, айниқса, даромад даражаси паст бўлган мамлакатлар иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Энергия ресурслари нархларининг ўсиши экспортёрлар, жумладан, Қозоғистон, Мўғулистон, Туркманистон, Ўзбекистон учун импортёрларга нисбатан манфаатлироқ бўлади.

Бозорлар геосиёсий хатарларни ортиқча баҳоламоқда, бу эса Кавказ ва Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар валюталарига босимни келтириб чиқаради, шунингдек, облигациялар даромадлилигининг ошишига олиб келади (ўз навбатида, қарздорлик жалб қилиш харажатлари ўсади). Янгиланган прогнозларга мувофиқ, Марказий Осиё ва Кавказга Россия рублининг конвертацияси билан боғлиқ чекловлар ҳамда Россия ва қўшни давлатлар ўртасидаги ҳаво транспорти қатновининг қисқариши қўшимча таъсир кўрсатиши мумкин, бунинг оқибатлари эса пул ўтказмалари ва савдода акс этади.

Ҳисоботда келтирилган маълумотларнинг тасдиқлашича, урушнинг дастлабки ҳафталарида Россия банкларидан пул ўтказмалари ва нақд пулларнинг қисқариши натижасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон миллий валюталари кескин қадрсизланиши кузатилган. Хусусан, марказий банклар томонидан қабул қилинган чора-тадбирларга қарамай, қирғиз соми, тожик сомони ва ўзбек сўми мос равишда 20 фоиз, 15 фоиз ва 7 фоизгача ўз қийматини йўқотган. Ушбу йўқотишларнинг бир қисми кейинроқ рубль курсининг ўзгариши ҳисобига қоплаб олинди.

Россиядан пул ўтказмалари Қирғизистонда ЯИМнинг 31% ини, Тожикистонда — 26,7 фоиз ва Ўзбекистонда — 11,4 фоизни ташкил этгани ҳолда, мазкур давлатлар учун хорижий валютадаги энг муҳим даромад манбаи ҳисобланади. 2021 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан ўтказилган трансфертлар Тожикистон ва Ўзбекистондаги барча трансфертларнинг 50 фоиздан ортиғини, Қирғизистонда эса 80 фоиздан ортиғини ташкил этган.

Ноаниқлик узоқ муддатли инвестициялар ва янги иш ўринларини яратишга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Россияда қурилиш соҳасида банд бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига қайтиши натижасида меҳнат бозорларига қўшимча босим юзага келмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларининг аксарияти иқтисодиётда озиқ-овқат ва истеъмол товарлари нархининг кескин ўсишига дош беролмайди. Минтақадаги асосий буғдой етиштирувчилар — Қозоғистон ва Ўзбекистон — экспорт квоталари ўрнатиш орқали нархлар ўсишини назоратда ушлаб туришга интилади, дейилади тадқиқотда. Импорт қилувчилар учун эса фискал мувозанатни бузган ҳолда, асосий озиқ-овқат маҳсулотларини субсидиялашдан бошқа чора қолмайди. Вазият ўғитлар нархининг кўтарилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига ва маҳсулот нархларига таъсир қилиши билан янада ёмонлашмоқда.

Банк прогнозлари бир неча ой ичида тинчлик сулҳига эришилади, кўп ўтмай Украинада кенг кўламли қайта қуриш бошланади ва мамлакат ЯИМи 2023 йил охиригача урушдан олдинги даражага қайтади, аммо барибир пастлигича қолади, деган тахминларга асосланади.

Россияга нисбатан санкциялар яқин келажакда ҳам давом этиши кутилмоқда. 2022 йилда мамлакат ЯИМи кескин пасайганидан сўнг, 2023 йилда Россия иқтисодиётида стагнация кузатилади, бу эса Марказий Осиё давлатлари ва бошқалар учун салбий оқибатларга олиб келади.