1 июндан ғаллани сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади

1 июндан давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олади ва сотади. Шавкат Мирзиёев эски тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини таъкидлади. 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилади.

Президент сув тошқинларидан ҳимояланишни кучайтириш бўйича кўрсатма берди

Ўзбекистонда баҳор ойларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Бунинг оқибатида 9 нафар инсон ва 450 дан ортиқ бош чорва моллари ҳалок бўлди. 245 та хонадон ва 19 та кўприк зарар кўрди. Президент туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва фавқулодда вазиятларда аҳолини ҳимоя қилишни кучайтириш юзасидан топшириқ берди.

Бундан буён турли важлар билан фермердан ғалласини олиб қўйиш тақиқланади — президент

Бундан кейин туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Президент бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари буни шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чора кўришни буюрди.

МБ банкоматларда нақд пул етишмаслиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда банкоматлардан нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Марказий банк мазкур узилишни нақд пулга талаб ортиши ва логистика муаммолари билан изоҳлади. Регулятор аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини қондириш учун барча имкониятларга эга эканлигига ишонтирмоқда.

«Ўзбекистонда иерархия жуда вертикал бўлиб қолмоқда» — Германия элчиси

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти иерархияси «жуда вертикал» бўлиб қолмоқда, бу «фуқаролар, фуқаролик жамияти, ўзини ўзи бошқариш органларига ривожланиш ва жалб қилинишига етарли имкониятлар бермаяпти», дея таъкидлади Германия элчиси Тило Клиннер.

Германия элчиси — UzAuto Motors монополиясини бекор қилиш ҳақида

Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш маъмурий кўрсатмалар ҳимоясида эди ва германиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан янги сармоялар киритиш имкониятлари анча паст бўлган, дея таъкидлади Германия элчиси Тило Клиннер. Бу вазият ўзгариши керак, чунки унинг сўзларига кўра, 2025 йилгача UzAuto Motors монополиясига барҳам бериш режалаштирилган.

Уй ва автомобиль олди-сотдисида бож тоифалари олиб ташланиб, умумий нархлар белгиланиши кутилмоқда

«Миллий тикланиш» фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан уй сотиб олишда ва автомобиль олди-сотдисида тўланадиган давлат божи тоифаларини бекор қилиш ва умумий нарх белгилаш муҳокама қилинди.

Президент: «Нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли — бозорда таклифни кўпайтириш»

Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи кун сайин ортиб бораётгани, жумладан, буғдой нархи йил бошидан бери 30 фоизга қимматлашганини айтди. «Нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу — бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади», — деди у. Қолаверса, «Ўздонмаҳсулот» таркибидаги 43 та дон корхонаси харажатлари юқорилиги, бироқ рентабеллиги 2 баравар пастлиги танқид қилинди.

Ангрен шаҳри ҳокими Нуритдин Абдураҳимов вафот этди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳокими Нуритдин Абдураҳимов хасталикдан сўнг 44 ёшида вафот этди. У бу лавозимга январь ойида тайинланган эди.

Сурхондарёда сел оқизиб кетган икки кишининг жасади топилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сариосиё туманида селда оқиб кетган икки фуқаронинг жасади ва машина «Тўпаланг» дарёси ўзанидан топилганини маълум қилди.

Ноқонуний қурилиш ҳолатлари бўйича онлайн мурожаат юбориш имкони яратилади

Фуқаролар томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига ноқонуний қурилиш ҳолатлари бўйича онлайн мурожаат юбориш имкони яратилади. Шунингдек, ташқи реклама объектларини жойлаштиришда жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Ўзбекистонда россияликларга тегишли компаниялар сони кўпая бошлади

2022 йил бошидан бери Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони кўпая бошлади. Хусусан январь ойида 23 та янги компания ташкил этилган бўлса, апрелнинг ўзида уларнинг сони 103 тага ошган, шундан 45 таси АКТ йўналишидаги компания ҳисобланади.

Ўзбекистон 140-мамлакат билан дипломатик алоқаларни ўрнатди

Ўзбекистон Кариб денгизи ҳавзасининг яна бир давлати — Сент-Винсент ва Гренадин ороллари билан дипломатик муносабатларни ўрнатди.

Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги ўрнини Чехия эгаллади

БМТ Бош Ассамблеяси апрел ойида Россия томонидан бўшатилган Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги ўринга Чехияни сайлади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Фото: Чирчиқда ўтган «Дог биатлон» финали

Чирчиқда Кинологлар ва хавфсизлик кучларининг жамоалари ўртасида ўтказилган «Дог биатлони» ўз якунига етди. Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирда Мудофаа вазирлиги жамоалари ғолиб бўлди. Мусобақанинг финал босқичи — «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам фоторепортажида.

Сўнгги икки ой ичида россияликларнинг ТВга бўлган ишончи пасайди — сўровнома

Россияликларнинг телеканалларга бўлган ишончи охирги икки ойда пасайган, дейилади GroupM халқаро реклама гуруҳи ўтказган сўровнома натижаларида. Ушбу вақт давомида Россия аҳолисининг Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларга нисбатан ишонч ортди.