Ғалла қабул қилиш пунктлари сони камайтирилади ва 2023 йилдан бошлаб хусусийлаштирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев чоршанба кунги йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу — фермер ва кластерлар», — деди давлат раҳбари.

Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. «Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чора кўришни буюрди.

«Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади. Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади», — деди у.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди. Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади.

Ўз навбатида, бош прокурор бошчилигида республика штаби ташкил этилиб, ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлар раҳбарлик қилиши белгиланди.

Аввалроқ, 1 июндан давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олиши ва сотиши ҳақида ёзгандик. Шавкат Мирзиёев эски тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини таъкидлади. 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи кун сайин ортиб бораётгани, жумладан, буғдой нархи йил бошидан бери 30 фоизга қимматлашганини айтганди. «Нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу — бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади», — деди у. Қолаверса, «Ўздонмаҳсулот» таркибидаги 43 та дон корхонаси харажатлари юқорилиги, бироқ рентабеллиги 2 баравар пастлиги танқид қилинди.