Германиянинг Тошкентдаги элчиси Тило Клиннер Alter Ego лойиҳасига берган интервюсида немис автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, икки ой аввал Volkswagen концерни делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган.

«Бунинг учун бизга бозорда дастлабки шарт-шароитлар керак. Улардан бири, масалан — ҳозирга қадар Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш маъмурий кўрсатмалар ҳимоясида эди ва германиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан янги сармоялар киритиш имкониятлари етарли даражада қийин бўлган. Бу ўзгариши керак. Ва бу ўзгариш амалга ошган пайт немис ишлаб чиқарувчилари бу ерда фаол иш бошлашга тайёр бўлади», — деди дипломатик миссия раҳбари.

UzAuto мotors монополияси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Тило Клиннер ҳукумат ушбу компаниянинг бозордаги монопол мавқеини 2025 йилгача бекор қилиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

«2025 йилгача бу бекор қилиниши кераклиги эълон қилинди. Ва биз бунга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Агарда бу ҳақиқатан ҳам содир бўлса, мен бу бозорда катта имкониятларни кўрмоқдаман», — деди у.

Дипломатнинг таъкидлашича, Германия элчихонаси «шартлар бажарилган тақдирдагина» немис автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига сармоя киритиши тарафдори бўлади.

«Элчихона сармоя киритиши керак бўлган корхонага буйруқ бера олмайди. Биринчи навбатда корхонада сармоя киритишга хоҳиш бўлиши керак ва шундагина биз ушбу корхонани қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг ўзи бизни иқтисоднинг марказлашган бошқарувларидан, масалан, хитойликлардан ажратиб туради… Биз буни қила олмаймиз ва буни қилишни ҳам хоҳламаймиз», — деди Тило Клиннер.

Февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев автомобиллар импортига бож тўловларини камайтириш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Божлар дарҳол эмас, балки икки босқичда — 2023 йил 1 январгача ва 2023 йил январидан бошлаб пасаяди. Президент, шунингдек, автомашиналар импортига божхона тўловлари босқичма-босқич «ноль бўлиши» кераклигини ҳам таъкидлаганди.

2020 йилнинг ёзида Жиззах автомобиль заводи негизида Volkswagen, кузда эса Škoda (1991 йилдан Volkswagen гуруҳи таркибига кирувчи) тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бошланди.

Видео