Ижтимоий тармоқларда банкоматлардан нақд пул олишда муаммолар кузатилаётгани ҳақида маълум қилинди. Банкоматлар олдида навбатлар акс этган расмлар тарқалди. Ўзбекистон Марказий банки ушбу вазиятга изоҳ берди.

Март ойининг иккинчи ярмида бошланган нақд пулга бўлган талабнинг кескин ўсиши муносабати билан Марказий банк март ойида 1,12 трлн сўм, апрель ойида — 6,34 трлн сўм ва май ойининг ўтган 11 куни давомида — 1,1 трлн сўм қўшимча равишда нақд пул муомалага чиқарган, дейилади хабарда.

Март-апрель ойларида мазкур маблағларнинг 8 трлн сўми аҳолининг нақд хорижий валютани сўмга конвертация қилишга бўлган ортиб бораётган талабини қондиришга йўналтирилди. Икки ой ичида бу эҳтиёж одатдагидек 11,1 трлн сўмдан 19,3 трлн сўмга ошди. Яна 4−4,5 трлн сўм банк карталаридаги пулларни нақдлаштириш учун ажратилди. Ушбу жараёнга талаб 17 трлн сўмдан 22 трлн сўмгача кўпайди.

Агар 2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан мавсумий иқтисодий фаолликнинг ўсиши ҳисобига қўшимча 2,5 трлн сўм муомалага чиқарилган бўлса, жорий йилнинг март-апрель ойларида (май ойларини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 баробарга ошди.

«Марказий банк томонидан жойлардаги банк филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда ва аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва ресурслар мавжуд. Сизга шуни маълум қиламизки, қисқа муддатли узилишлар нақд пулни жойларга етказиш, яъни логистика ва [пулни] банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ бўлиб, бу масала Марказий банк назоратида», — дейилади хабарда.

Регуляторнинг фикрича, тадбиркорлар мижозлар билан мулоқот қилишда терминалларнинг тўлиқ ва узлуксиз ишлашини таъминласа, бу мавжуд муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.