Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсиб бораётганини таъкидлади.

«Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди. Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу — фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади», — деди у.

Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурлиги айтилди.

«Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келаяпмиз», — деди у.

Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.

Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.

Йиғилишда ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилгани, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.

«Лекин, бугунги кунда „Ўздонмаҳсулот“ компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёрми? Афсуски, бу саволга жавоб ижобий эмас», — деди у.

«Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди. Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20−25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам», — дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев.

Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида «Ўздонмаҳсулот» корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.

Энг ачинарлиси, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган.