Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масаласи ҳам муҳокама қилинди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Жорий йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.

Табиий офатлар оқибатида 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди. Таъкидланишича, бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан президент мутасаддиларга тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш топширилди.

Дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлашга кўрсатма берилди.

Қолаверса, масъул шахсларга хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга ФВВ ва унинг ҳудудий бошқарма (бўлимлари), фуқаро муҳофазаси учун эса вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жавобгар ҳисобланади.

Аввалроқ, «Газета.uz» 20 апрель куни 5 кишининг ўлимига ва 53 та уйнинг тўлиқ бузилиб кетишига сабаб бўлган Жиззах вилоятининг Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласидаги ел ва сув тошқинлари ҳақида бир қанча фоторепортажларни (1, 2, 3) эълон қилганди.