10 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси делегатлари Чехияни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Россия бўшатиб қўйган ўрнига сайлади. БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, Чехия бу ўринни 2023 йил 31 декабргача сақлаб қолади.

7 апрель куни Бош Ассамблея Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш учун овоз берди. Украина 58 давлат билан ҳаммуаллифликда таклиф қилган резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлади. 24 делегация (жумладан, Ўзбекистон) қарши чиқди, 58 нафари эса бетараф қолди.

Овоз беришдан сўнг Россия кенгаш аъзоси сифатидаги ваколатларини муддатидан олдин тугатишга қарор қилганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири БМТ Бош Ассамблеяси аъзоларининг кўпчилик овози билан тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан адолатли географик тақсимот тамойили асосида сайланади.

Кенгашдаги ўринлар минтақавий гуруҳлар ўртасида тақсимланган: Африка гуруҳи — 13 ўрин, Осиё гуруҳи — 13, Шарқий Европа гуруҳи — 6, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси гуруҳи — 8, Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар — 7 ўрин. Кенгаш аъзолари 3 йил муддат давомида ўз ваколатларини амалга ошириши керак ва кетма-кет икки ваколат муддатидан кейин дарҳол қайта сайланиш ҳуқуқига эга эмас.

Шарқий Европа давлатлари гуруҳидаги бўш ўринга Чехия сайланди. Унинг номзодини қўллаб-қувватлаш учун 157 давлат вакиллари овоз берди, 23 давлат бетараф қолди. Овоз беришда Бош Ассамблеяга аъзо 193 давлатдан 180 та давлат иштирок этди.

Ўзбекистон 2020 йил октябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига илк бор уч йиллик муддатга (2021−2023) сайланганди.