Президент Шавкат Мирзиёев давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у чоршанба кунги йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби.

Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик.

«Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилиши айтилди.

Энг аввало, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 млн 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 млн сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилинди.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.

Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.

Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

Бундан ташқари:

  • фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
  • 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.

Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.