Март ва апрель ойларида россияликлар орасида телевидениени энг ишончли ахборот воситаси деб ҳисобловчилар камайиб, Telegram каналлар ва бошқа ижтимоий тармоқларга нисбатан ишонч ортди. Бу ҳақда GroupM халқаро реклама гуруҳи маълумотларига асосланган ҳолда «Коммерсантъ» нашри хабар бермоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, медиа соҳасидаги истеъмол кўрсаткичлари инқироз даврида доимо ўзгаради. Шундай бўлса-да, даромад нуқтаи назаридан «Первый канал», «Россия-1» ва НТВ телеканалларида Америка компания ва тузилмаларини реклама қилишнинг тақиқланиши муҳим омил ҳисобланади.

GroupM’нинг Россияда март-апрель ойларидаги медиа истеъмолини ўрганиш натижаларига кўра, 17 мартда 33% респондентлар айнан телевидениени ўзлари ишонадиган ахборот манбаси деб тан олишган бўлишса, 27 апрелга келиб ушбу кўрсаткич 23% гача пасайган.

Респондентларга берилган савол қуйидагича эди: «Агар воқеалар турли хил ОАВларда ёритилаётган бўлса, сиз биринчи навбатда қайси турига ишонган бўлардингиз?». Сўровномада 1,7 минг респондент қатнашган бўлиб, бунинг учун Россия Федерациясининг аҳолиси 100 мингдан ортиқ бўлган шаҳарларда истиқомат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар танлаб олинган.

Ҳаммасидан кўпроқ телевидениега бўлган ишонч катта шаҳарларда истиқомат қилувчи россияликларда пасайган. Москва ва Санкт-Петербургда истиқомат қилувчилар орасида март ойида 27% респондентлар ТВни танлашган, аммо апрель охирига келиб ушбу кўрсаткич 21% га тушган.

Шундай бўлса-да, таъкидланишича, янгиликларни ёритувчи телеканалларга бўлган ишонч ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Аммо 14−20 февралдан 18−24 апрелгача бўлган давр оралиғини олсак, баъзиларининг рейтинги пасайган. Mediascope маълумотларига кўра, «Первый канал»нинг телевизион рейтинги (сутка давомида камида 1 дақиқага маълум бир телеканални ёққан томошабиннинг ушбу телеканални томоша қилиш учун сарфлаган ўртача кунлик вақти) 18% га, яъни 1,46 дақиқагача камайган бўлса-да, «Россия 1» телеканалининг кўрсаткичи ўзгаришсиз қолган, «России 24» да эса рейтинг 55% га, яъни 0,59 дақиқагача ошган.

Интернет ОАВларга ва расмий сайтларга нисбатан ишонч ҳам пасайган: 17 мартда сўровномада иштирок этган 26% россияликлар уларни ишончли манба деб атаган бўлса, 27 апрелга келиб бу кўрсаткич 23% гача пасайган.

Шу билан бирга, 45 ёшдан 60 ёшгача бўлган россияликлар, аксинча, интернет ОАВларга кўпроқ ишона бошлашган: март ойида уларни 20% россияликлар ишончли манба сифатида тан олишган бўлишса, апрель ойи охирида интернет ОАВга ишонч билдирганлар сони 25% гача ошган. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, блоглар ва Telegram каналларига ишонувчилар сони 19% дан 23% гача кўпайган.

Инқирозли вазиятларда ахборот манбаи сифатида телевидениега бўлган ишончнинг пасайиши доимо кутиладиган вазият, дейди ECI Media Management’нинг Россиядаги идораси директори Дмитрий Кураев. «Худди шундай ҳолат пандемия бошида ҳам кузатилган эди», — дейди у.

8 май куни АҚШ «Первый канал», «Россия-1» ва НТВ телеканалларига қарши янги санкцияларни эълон қилди. Унга кўра, Америка компанияларига ушбу ОАВларда реклама қилиниш тақиқланган. Бу телеканаллар даромадига кучли таъсир қилиши мумкин, дейди Дмитрий Кураев. 10 март куни PepsiCo, Procter & Gamble, L’Oreal Groupe ва бошқа бир қатор компаниялар реклама инвестицияларини тўхтатишини эълон қилишган эди. Бироқ, Кураевнинг таъкидлашича, америкалик реклама берувчиларнинг катта қисми бу пайтга қадар куз мавсуми учун реклама бюджетини ўтказиб бўлишган ва «энди бу пуллар, катта эҳтимол билан, қайтарилмайди».