Сурхондарёда содир бўлган сел туфайли оқиб кетган машина ва икки фуқаронинг жасади топилди, деб хабар берди ФВВ матбуот хизмати.

10 май куни Сариосиёнинг тоғли ҳудудларида бошланган сел оқимлари оқибатида Узун тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи икки фуқарони сел оқизиб кетганди.

ФВВ қидирув-қутқарув ва сел оқими оқибатларини бартараф этиш жарёнида автомобиль ва бир нафар фуқаронинг жасади «Тўпаланг» дарёси ўзанидан топилганини маълум қилди. Ушбу жойдан тахминан 5 км пастроқ ҳудудда эса иккинчи фуқаронинг жасади ҳам топилди.

Воқеа жойида ФВБ қутқарувчилари, Миллий Гвардия, Ички ишлар ва тегишли хизматлар ходимлари қидирув-қутқарув ва сел оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда.