Германиянинг Тошкентдаги элчиси Тило Клиннер Alter Ego лойиҳасига берган интервюсида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошлаган ислоҳот жараёни «ҳар доим ўз-ўзидан тўлиқсиз бўлиб қолади».

«Шунинг учун биринчи навбатда, қаерда яна ишлашга зарурат мавжуд, ислоҳотлар муваффақиятли бўлиши учун яна нима қилиш керак, деган савол туғилаверади», — деди дипломат.

«Биринчидан, бу ерда ҳуқуқий тизим катта ўзгаришларга учради, лекин уни ҳали кундалик ҳаётга тадбиқ этиш керак. Мисол келтирсам. Маъмурий ҳуқуқ ислоҳоти амалга оширилди, бу ҳам замонавий қонунчиликка олиб келди. Бошқаришнинг янги усули бутун аппаратга этиб боргунича ва ундан ўтгунича кўп вақт талаб этилади. Бу эса одамлар билан ишлашимизга боғлиқ», — деди элчи.

Унинг сўзларига кўра, «қонун руҳи ижрочилар томонидан идрок этилиши» учун ўқитишлар ўтказилиши керак.

«Бунинг оқибатлари ҳам бор, масалан, хорижий инвесторлар ҳам тўқнаш келадиган коррупцияга қарши кураш. Бошқарув тизими қоидаларга қанчалик кўп риоя қилса, коррупция учун жой шунчалик кам бўлади. Бироқ, бу ҳали устида ишлаш керак бўлган жиҳат. Айтганимдек, биз ҳали ҳамма нарсага етиб бормадик», — деди Тило Клиннер.

Элчи, шунингдек, қуйи бўғиндаги давлат органлари иштирокини «ҳали ҳам ривожлантириш керак» деб ҳисоблайди.

«Ҳозиргача иерархия жуда вертикал — юқоридан пастга қараб қолмоқда, ва бу фуқаролар, фуқаролик жамияти, ўзини ўзи бошқариш органларига ривожланиш ва жалб қилинишига етарли имкониятлар бермаяпти. Аммо яхши ёндашувлар ҳам мавжуд. Масалан, бу ерда ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий шакли бўлган маҳалла бор, уларнинг ролини ҳам кучайтириш керак. Уларнинг иши ислоҳ қилиниши керак. Ана шунда улар жамиятни модернизация қилиш учун катта актив, катта ёрдам бўлади», деди у.

Дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашда «олға интилиш» борлигини таъкидлади, бироқ айни пайтда «тараққиёт қонунчилик билан ҳам, ислоҳотлар, ниятлар ёки трансформация дастурлари билан ҳам ҳамқадам эмас», дея эътироф этди. Ҳар бир жамият аввало бу ислоҳотларни қабул қилиши керак, дея такрорлади у.

«Яқинда мамлакат Конституциявий суди судяси билан суҳбатлашдим ва у мен билан конституциявий ҳуқуқ амалда татбиқ этилиши учун бу жараённи қандай тезлаштириш мумкин, деган масалани муҳокама қилди. Маъмурий ҳуқуқ — бу конституциявий ҳуқуқнинг амалиётда татбиқ этилиши, бунинг учун биринчи навбатда қонунни қўллаш ва мамлакатнинг маълум бир туманларида ишлайдиган судяларни тайёрлаш, шунингдек, давлат хизматчилари уни амалда қўллашлари учун ўқитиш керак», — деди дипломат.

«Мана шу мисолни олайлик, — дея сўзида давом этди элчи. — Мен ўз автомобилимда кетаяпман ва белгиланган тезликни ошираяпман. Мени полиция ходими тўхтатади, полиция ходимлари орасида коррупция кам бўлган мамлакатларда фуқаро ходим билан савдолашишни ҳаёлига ҳам келтирмайди, шунчаки жаримани тўлайди, холос. Лекин савдолашиш учун имконият ҳам бор. Ва айнан шу нарсани тўхтатиш керак, чунки муаммонинг туб илдизи мана шу ерда ётади».

У Михаил Саакашвили бошчилигида бутун полиция тизимини тубдан ислоҳ қилишга ҳаракат қилган Грузияни мисол қилиб келтирди.

«Грузияга ташриф буюрганимда, мен ҳар доим жаноб Саакашвилининг ишини қадрлайдиганлар ва аксинча фикрда бўлганлар борлигига амин бўлганман. Лекин деярли ҳамма полициядаги ислоҳот ҳақида ижобий оҳангда гапиради», — дейди у.

Видео