Президент томонидан давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича имзоланган қарорда фуқароларга ноқонуний қурилиш ҳолатлари бўйича мурожаат юбориш имкони яратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра:

  • «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладган имтиёзларнинг рўйхати ягона хужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;
  • олий таълим муассасаларда талабаларни ётоқхона билан таъминлаш жойлаштиришниг электрон тизими жорий этилади;
  • автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;
  • ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, «E-Anticor.uz» электрон платформасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолашни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри» («паст», «ўрта» ва «юқори» ўлчовларида) шакллантирилади ва интернетда очиқ эълон қилиб борилади. Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади.

Жорий йилнинг октябрь ойига қадар «Коррупцияга қарши курашиш виртуал платформаси» лойиҳасини ишга туширади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январгача давлат бошқаруви органларида қуйидаги талаблар асосида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизим жорий этилади:

  • вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш;
  • таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон базага жамлаган ҳолда ахборотни тўплаш ва унга ишлов бериш;
  • кадрларга оид иш юритув ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилиш ва юритиш;
  • ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий ўқитиш;
  • кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш.