Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божини ундириш ва тўлашдан озод қилишдаги айрим тушунмовчиликлар тартибга солиниб, давлат божини тўлашдан озод қилиш асослари белгиланмоқда.

«Айни пайтда нотариал ҳаракатларнинг асосий қисми кўчмас мулклар, автотранспортлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Аммо давлат божини тўлашда ҳам нотариусларда, ҳам фуқароларда турли тушунмовчиликлар пайдо бўляптики, бу ўз ўрнида қатъий «ставка"ларни белгилаш заруратини келтириб чиқармоқда», дейилади хабарда.

Қонун лойиҳасида уй сотиб олишда майдоннинг қанчалигидан қатъий назар бир хил — БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида бож ундириш таклиф қилиняпти. Амалдаги қонунчиликда бу олтита тоифага ажратилган бўлиб, олти хил миқдорда давлат божи ундирилар эди.

Ҳозирда автотранспортлар олди-сотдисида ишлаб чиқарилган йили, от кучи, жами 12 та тоифага ажратилган ҳолда умумий нархнинг 10 баробар (2 700 000)гача тўлов қилиняпти. Шу боис, аксарият одамлар сотиб олаётган машинасини ўзининг номига расмийлаштиришдан кўра, 3 йиллик ишончнома имзолашни афзал кўрмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ишлаб чиқарилганлик ва от кучидан қатъий назар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари, яъни 810 минг сўм миқдорда давлат божи ундириш белгиланмоқда.

Шунингдек, депутатлар томонидан «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси географик объектларга Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг номини бериш жараёнини тўлиқ тартибга солиб, бу борада ҳар томонлама ўрганилган ва асосланган қарор қабул қилиш имконини беради. Чунки туман (шаҳар) кенгашлари географик объектларга шахснинг исм-шарифини бериш ваколатига эгалиги ушбу жараёнда зарур бўлган муҳим омиллар инобатга олинишини тўлақонли таъминлаш имконини бермаяпти. Бу борада ҳеч қандай чекловлар назарда тутилмагани эса амалиётда географик объектларнинг номларини қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлмоқда.

«Амалда географик объектларнинг номларига доир талабларда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган бўлса-да, аммо объектларга ном бериш ташаббусларини илгари суриш тартибга солинмаган. Энди бу борадаги тартиблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади», дейилади баёнотда.

Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар давлат экспертизаси томонидан кўриб чиқилади.

Йиғилишда ҳар иккала қонун лойиҳаси ҳам фракция депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди.