Йил бошидан буён Ўзбекистонда хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони 798 тага кўпайди. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, уларнинг орасида энг кўпи (210 та) Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ундан кейинги ўринларни Туркия (128 та), Хитой (74 та) ва Қозоғистон (64 та) эгаллади.

Фото: Давлат статистика қўмитаси.

Россия иштирокидаги янги компаниялар сони айнан февраль ойидан кейин кескин оша бошлаган. Жумладан, январда 23 та, февралда 28 та, мартда 56 та, апрелда 103 та компания ташкил этилди. Бу Украина можароси ортидан Россияга қўлланилаётган санкциялар фонида содир бўлмоқда.

Бошқа давлат ҳиссаси эса ўтган йиллар билан солиштирганда унчалик катта ўсишни қайд этмаган.

Ҳозирги кунга келиб, Россия иштирокидаги компанияларнинг умумий сони — 2471 тага етди, ундан кейинги ўринлар Хитой (1984 та), Туркия (1981 та), Қозоғистон (1126 та) ва Жанубий Кореяга (894 та) насиб этди.

«Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сонининг кўпайиши, аввааламбор, мамлакатдаги сиёсий барқарорлик ва инвестиция фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилгани билан боғлиқ», — дейилади қўмита ҳисоботида.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ахборотлаштириш ва коммуникациялар соҳасида январь-март ойларида 40 та, апрель ойининг ўзида эса 45 та янги чет эл компанияси рўйхатдан ўтказилган.

Сўнгги 4 ой ичида иқтисодий фаолият турлари кесими бўйича — саноатда 161 та, савдода 279 та, қурилишда 66 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 29 та, ташиш ва сақлашда 24 та, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 22 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 8 та ҳамда бошқа соҳаларда 124 та хориж инвестицияси иштирокидаги корхона ташкил қилинди.

Аввалроқ, АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берганди. Унинг сўзларига кўра, IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган, қолаверса, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби эса бекор қилинган ҳамда 3 кун ичида «IT-visa» тақдим этилади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланади.

«Газета.uz» Украинада уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилган Россия фуқаролари билан суҳбатлашганди. Улар Россияни нима сабабдан тарк этишгани, Тошкентда нима билан шуғулланаётганликлари, бу ерда қанақа муаммоларга дуч келаётгани ва қандай шартлар асосида уйга қайтиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришди.