«Трест 12» 5 трлн сўмга яқин лойиҳаларни тендерсиз амалга оширган — Антикоррупция агентлиги

Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила аъзоларига алоқадор бўлган «Трест-12» компанияси қўлга киритган лойиҳаларда манфаатлар тўқнашуви бўлганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур компания тендерсиз 5 тлн сўмлик (таҳминан $471 млн) лойиҳаларни амалга оширган. Агентлик бу каби муаммоларни бартараф этиш учун иккита таклифни илгари сурмоқда.

Ўзбекистонда вакцинанинг 2-дозасини олганлар сони 500 минг нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 1,7 млн нафардан ошган бўлиб, эмланганлар орасида 499 094 нафар фуқаро вакцинанинг 2-дозасини қабул қилган. Шунингдек, сўнгги кун ичида 269 нафар бемор касалликдан соғайган бўлиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

ЮНЕСКОнинг 44-сессиясида Шаҳрисабзнинг тарихий қисмини регенерация қилиш масаласи кўтарилади

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг Хитойда бўлиб ўтадиган 44-сессиясида Шаҳрисабзнинг тарихий қисмини регенерация қилиш лойиҳаси муҳокама қилинади. Ўзбекистон таклифига биноан хорижлик экспертлар 3 хил концепцияни ишлаб чиққан. Лойиҳалардан бири танлангач, 2022 йилдан амалий ишлар бошланиши мумкин.

Ўзбекистон Исроил билан мунтазам авиақатновларни қайта тиклади

24 майдан бошлаб Тошкент — Тел-Авив — Тошкент мунтазам авиақатновлари қайта тикланди. Авиақатновлар ҳафтанинг душанба кунлари амалга оширилади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев реклама конструкциялари бузиб ташланаётганига оид саволни жавобсиз қолдирди

Пойтахт ҳокими ёшлар билан учрашувдан сўнг, хизмат автомобилига боргунича журналистлар унга савол билан мурожаат қилишга уринишди. Ундан ҳеч бир қарорсиз реклама баннерлари бузиб ташланаётгани ҳақида сўралганида, у саволни жавобсиз қолдирди ва қадамини тезлаштирди.

ТАТУ филиали ходими ва унинг шериги пора билан қўлга тушди

Бош прокуратура маълумотига кўра, ТАТУнинг Самарқанд филиали бўлими бошлиғи ва унинг шериги самарқандлик фуқарога Қозоғистондаги институтлардан бирида ўқиётганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериш эвазига 3000 доллар олганида ушланган.

Ўзбекистонлик пара-дзюдочилар Бокуда 10 та Гран-при медалларини қўлга киритишди

Пара-дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Боку шаҳридаги Гран-при мусобақасида 10 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

Миср самолёти Тошкентнинг марказидан учиб ўтди

Мисрнинг «Fly Egypt» авиакомпанияси самолёти Тошкентнинг марказий ҳудудидан учиб ўтди. Транспорт вазирлиги мазкур ҳолатни изоҳлаб, самолёт «Тошкент» аэропортидан парвозни амалга ошириш жараёнида нотўғри манёврни амалга оширганини таъкидлади.

«Бу ерда носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда». Бола омбудсмани Самарқандда мактаб-интернат тарбияланувчилари калтаклангани ҳолатини ўрганди

Самарқанддаги 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари калтаклангани бўйича ҳолат Бола омбудсмани томонидан ўрганиб чиқилди. Суратдаги 2 нафар болани отаси уйига қайтариб олиб кетган, кўзи кўкарган бола эса тенгдоши билан уришганини айтган. «Муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда», — дейилади хабарда.

Пастдарғомдаги қизнинг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатилди

Пастдарғом туманидаги каналдан 17 ёшли қизнинг мурдаси топилгани юзасидан ўзини ўзи ўлдиришга ундаш моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

Ўзбекистон МТЖнинг Саудия Арабистонида ўтадиган учрашувлар учун таркиби эълон қилинди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган саралаш баҳслари учун якуний таркибни эълон қилди. Таркибга 28 нафар футболчини жалб этилган. Июнь ойида Ўзбекистон МТЖ ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасида Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган турнирда Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши ўйинларда кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Водород бомбасини яратишдан инсон ҳуқуқлари ҳимоячисигача. СССРнинг энг машҳур диссиденти Андрей Сахаров

Академик, водород бомбаси ихтирочиларидан бири ва СССР ҳуқуматига қарши кураш олиб борган, мамлакат тарихидаги энг машҳур диссидент Андрей Сахаров шахси атрофидаги муҳокамалар ҳозиргача давом этмоқда. Сахаров сўз, фикр ва ғоя эркинлигини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ягона восита деб билган. Ўз мақолалари ва чиқишлари сабабли мунтазам равишда КГБ назорати остида бўлиб, тинтувларга, матбуотда кўплаб ҳақоратларга дучор бўлган Андрей Сахаровнинг «ғайрификрлилиги» ҳақида «Газета.uz» мақоласида.

Умр баҳосидаги дарахтлар

Нархларнинг, тарифларнинг кўтарилиши ёки янги божларнинг жорий қилиниши ҳақида сўз борганда, кимдир ҳазиллашиб, яна кимдир умидсизликка тушиб: «Балки, ҳавони ҳам пуллик қиларсизлар?» деб қўяди. Шаҳар дарахтларининг аҳамияти ва уларни кесишни тўхтатиш лозимлигини эслата туриб, «Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов ҳар бир дарахтнинг қиймати жуда юқори эканлиги ва шаҳар аҳолиси анчадан буён нафақат пул билан, балки ўз соғликлари билан ҳам бунинг бадалини тўлаб келаётганини таъкидламоқда.