Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги реклама конструкциялари демонтаж қилинаётгани тўғрисидаги саволни жавобсиз қолдирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сешанба куни шаҳар ҳокими «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасида ёшлар билан учрашди. Суҳбат аввалида, у журналистларни бу брифинг ёки матбуот анжумани эмаслиги ҳақида огоҳлантирди ҳамда ёшларга ўз фикрларини айтиши ва савол беришига имконият яратиб беришини сўради.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шунингдек, соат 17:00 да бўлиб ўтадиган йиғилишга чақириб қолишлари мумкинлигини айтган. У ёшлар фестивали ташкилотчиларини танқид қилмаганликлари учун ОАВ вакиллари ва блогерларга ўзининг миннатдорчилигини билдирган. Қолаверса, ҳоким: «энди хоҳлаганча танқид қилиш мумкин, биз ҳаммасини кўтарамиз», дея қўшимча қилган.

Ёшлар билан 50 дақиқа атрофида давом этган учрашувдан сўнг, ҳоким йиғилишга бориш мақсадида ўзининг хизмат автомобили томон ҳаракатланган. Уни журналистлар йўл-йўлакай савол бериб, кузатиб боришган.

«Пойтахт» радиоси вакили билан суҳбатда ҳоким фестиваль ҳақидаги саволларга жавоб берган. Ундан қайси тадбирларга боргани ва нима кўпроқ ёққани ҳақида сўрашган.

Кейин эса Qalampir.uz журналисти Жаҳонгир Ортиқхўжаевни кўпчилик яхши тадбиркор сифатида билишини айтиб, ундан ишбилармонларни қанчалик қўллаб-қувватлашини сўраган. «Ҳамма кўринишдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлайман», — деди у (видео).

Бироқ, Тошкент ҳокимидан «ҳеч қандай қарорсиз» реклама конструкциялари бузиб ташланаётгани ҳақида сўралганида, Ортиқхўжаев қадамини тезлаштирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Аввалроқ, «Газета.uz» 8 апрелдан пойтахтдаги реклама конструкциялари оммавий тарзда демонтаж қилинаётгани ҳақида хабар қилган эди. Ташқи реклама объектларининг эгалари конструкциялар қонун асосида ўрнатилганини, уларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ «юқоридан берилганини» таъкидлаган эди. Тадбиркорлар суд қарорисиз баннерларни бузиб ташланиши бўйича мансабдорларнинг ҳаракатини ноқонуний деб аташган эди.

Кейинроқ, реклама соҳаси тадбиркорлари Тошкентда ўнлаб билбордларда реклама конструкцияларини фақат суд орқали бузиш мумкинлигини эслатиб, президентга мурожаат қилишди.