Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 26 май куни АОКАда бўлиб ўтган анжуманда «Трест-12» қурилиш компанияси ҳамда қурилиш вазири Ботир Зокиров ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига оид вазиятни тасдиқлади.

«Албатта, биз „Трест 12“ бўйича ўрганишлар ўтказаяпмиз. Дастлабки ўрганишларимиз бўйича кўрдикки, адашмасам 5 трлн сўмга яқин [МБнинг 27 майдаги курсига кўра, $471 млн доллар атрофида] тўғридан-тўғри шартномалар билан қурилиш ишлари амалга оширилган. Бу ерда ҳам, афсуски, аксарият манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ва [қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви учун] жавобгарлик масаласининг йўқлиги турибди», — деди у.

Аксилкоррупция агентлиги директорининг айтишича, ўтган йилда ўтказилган давлат харидларининг 48 фоизи тендерсиз амалга оширилган.

«Умуман, биз ўрганганимизда, нафақат „Трест 12“, балки 2020 йил давомидаги давлат харидларининг 48 фоизи тўғридан-тўғри шартномалар орқали амалга оширилган. Яъни у ёки бу алоҳида фармойиш ёки қарор асосида», — деди Акмал Бурхонов.

У шунингдек, давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига оид муаммоларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилаётганига ҳам тўхталиб ўтган.

«Шунинг учун бу бўйича ҳам таклиф тайёрлаяпмиз. Биринчи ўринда, давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашуви. Иккинчиси, турли хил фармойишлар ва баённомалар билан давлат харидларини амалга ошириш ва қурилиш объектларини тендерсиз беришни тақиқлашга оид қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз», — деди агентлик раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, «Трест 12» қўлга киритган давлат харидларига Қурилиш вазирлигининг алоқаси бор.

«„Трест 12“ масаласи ҳали ўрганиш жараёнида, натижаси бўйича агар қонун бузилиш ҳолатлари бўладиган бўлса, маълумотларни тақдим этамиз. Айтганимдек, бу ерда катта сумма. Манфаатлар тўқнашуви бор, буни яшириб бўлмайди. Чунки, Қурилиш вазирлигининг алоқаси бор. Лекин бу ерда жиноят аломатлари ҳақида гап кетаяпти», — деди Акмал Бурхонов.

13 апрель куни «Газета.uz» акциядорлари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси бўлган «Трест 12» компанияси тендерсиз қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани ҳақида суриштирувни эълон қилган эди. Компания акциядорлари рўйхатида 2019 йил июль ойида вазирнинг ўзи ҳам бўлган. Ўшанда у қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари, 1996−2011 йилларда эса — «12-трест» бошқарув кенгаши раиси сифатида ишлаган.

Вазир Тошкентнинг Шароф Рашидов кўчасидаги (Мустақиллик майдони ёнида) маъмурий бино реконструкциясига оид давлат харидига ўзи ва оила аъзоларининг алқоаси йўқлигини айтган эди.

«Бир нарсани тушунишларинг керак, 51 фоиз давлат улуши бўлгандан кейин менга унинг совуғи ҳам, иссиғи ҳам йўқ», — деганди вазир.

Кейинроқ, мазкур компания Ҳукумат буйруғи билан Қонунчилик палатаси биносининг ташқи кўриниши реконструкция қилиш ва бинони жорий таъмирлаш учун 16,54 млрд сўмлик лойиҳани қўлга киритгани ҳақида ҳам ёзган эдик.