24 май куни Самарқанд вилояти 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчиларининг юз қисми кўкаргани, шикастланган ва йиртиқ-ямоқ кийимларда юргани ва кир ювишга мажбур қилинаётгани акс этган фотолавҳалар тарқалган эди.

Мазкур вазият Сенат қўмитаси томонидан назоратга олиниб, давлат идораларига тегишли кўрсатмалар берилганди. Шу куниёқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги эса ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузган эди.

27 майга келиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова томонидан вазият назоратга олингани ҳамда ўрганиб чиқилгани маълум қилинди.

Унга кўра, Бола омбудсманининг Самарқанддаги минтақавий вакили Н.Раббимова, вилоят хокими Э.Турдимов, туман хокими Н.Сулаймонов қолаверса, туман прокурори, ИИБ бошлиғи ва вилоят ХТБ бошлиғи ҳолатни ўрганган.

«Минтақавий вакилнинг аниқлашича, Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги ушбу муассасада тарбияланаётган суратдаги 2 нафар бола отаси томонидан уйига қайтариб олиб кетилган. Кўзи кўкарган бола эса 11 март куни тенгдоши билан уришгани ва ўшанда кўзи кўкарганини айтган. Бу ҳолат боланинг тиббий анкетасида ҳам қайд этилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, тоғорада кир юваётган 4-синф боласининг онаси билан суҳбат қурилганида бу каби ҳолатлар 4 йил давомида умуман кузатилмаганлиги ва ушбу расмни кўриб тушунишмаганини билдирган.

«Албатта бу ҳолат ўрганилиб, унга ойдинлик киритилгач, бола ҳуқуқларини таъминлашда, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш масалаларида йўл қўйилган камчиликлар аниқланса, уларга тегишли чоралар кўрилади», — дейилади омбудсман хабарида.

Минтақавий вакил Н.Раббимованинг сўзларига кўра, «муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда».

«Ходимлар ўртасида ўзбошимчалик, раҳбарларга бўйсунмаслик, лавозим вазифаларини бажармаслик, ўз ишига эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари кўзга ташланмоқда», — деган у.

Мазкур масала Самарқанд вилояти ҳокими назоратига олинган. Муассасадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича эса катъий вазифа ва топшириклар берилган.