Ўтган ҳафтада АҚШнинг энг нуфузли университетларида Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишлари бўлиб ўтди. Қатор университетларда талабалар чодирлар қурди, айрим таълим муассасалари раҳбариятлари намойишчиларни тарқатиб юбориш учун полицияни жалб қилди. Намойишларга доир маълумотлар — «Газета.uz» шарҳида.

Намойишлар қандай бошланди?

Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларининг маркази 1960 йиллардан буён талабалар активизми тарихи билан танилган Нью-Йоркдаги Колумбия университети бўлди. 1968 йилда бу ерда АҚШнинг Вьетнамдаги уруши ва ирқчиликка қарши қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтган ва 700 дан ортиқ одам қамоққа олиниши билан якунланганди.

18 апрель куни Колумбия университети талабалари Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларига норозилик билдириш учун мактаб ҳовлисида чодирлар лагери қурди. Университет ректори Неъмат Шафиқ намойишчилар билан музокара олиб боришга қисқа уринишдан сўнг, митингни тарқатиш учун кампусга полиция чақирди. Натижада 100 дан ортиқ талаба қамоққа олиниб, дарсдан четлаштирилди.

Шафиқнинг ҳаракатлари намойишларни тўхтата олмади, аксинча бошқа университетларда Фаластинни қўллаб-қувватловчи акцияларни қўзғатди. АҚШнинг етакчи университетлари — Йель, Мичиган, Принстон, Гарвард, Нью-Йорк, Массачусетс технология институти ва бошқаларда чодирлар лагерлари пайдо бўлди.

Йель университетида жами 47 талаба, Нью-Йорк университетида эса 150 дан ортиқ талаба қамоққа олинди.

Шу ҳафта бошида Колумбия университетининг юзлаб профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳ талабалар норозиликларини қўллаб-қувватлаб чиқиш қилди.

Намойишчилар нимани талаб қилмоқда?

Талаба активистлар Ғазо секторида ўт очишни доимий тўхтатишга чақирмоқда ва АҚШ ҳукуматидан Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатишни талаб қилмоқда. Улар, шунингдек, университет расмийларидан Исроил уруши ва Фаластин оккупациясидан фойда кўраётганини даъво қилаётган компаниялар билан алоқаларини узишни талаб қилмоқда. Улар орасида Исроил ҳукумати билан йирик шартномага эга Google ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларида яшашга имкон берувчи Airbnb киради.

Бундан ташқари, ҳарбий илмий-тадқиқот муассасалари талабалари ўз университетларини қурол ишлаб чиқариш тарғиботини тўхтатишга чақирмоқда. Нью-Йорк университети фаоллари ҳам университетнинг Тель-Авивдаги филиали ёпилишини талаб қилмоқда.

Расмийларнинг муносабати

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва собиқ раҳбари Дональд Трамп ҳам намойишлар юзасидан баёнот берди.

Намойишчилар томонидан Исроилни молиялаштиргани ва қурол билан таъминлагани учун танқид қилинган Байден журналистларга «антисемитистик норозиликларни» ҳам, «фаластинликларга нима бўлаётганини тушунмайдиганларни» ҳам қоралашини айтди.

Оқ уй веб-сайтида яҳудийларнинг Пасха байрами олдидан эълон қилинган бошқа баёнотида ҳам Байден антисемитизм унсурларини қоралади. «Ҳатто сўнгги кунларда ҳам биз яҳудийларга нисбатан таъқиб ва зўравонликка даъватларни кўрдик. Ушбу очиқ-ойдин антисемитизм қораланади ва хавфлидир, коллежлар кампусларида ва мамлакатимизнинг бошқа жойларида унга мутлақо ўрин йўқ», — дейилади матнда.

Vox`нинг қайд этишича, Байденнинг баёноти ижтимоий тармоқларда Колумбия университети дарвозаси яқинида ниқоб таққан Фаластин томон намойишчилар яҳудий талабаларга қарата «Энди ҳар куни сизга 7 октябрь (ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига ҳужуми содир этилган сана — таҳр.) бўлади», деб бақиргани акс этган видео пайдо бўлганидан кейин эълон қилинган.

Бунга жавобан намойишлар ташаббускорлари — Колумбия университети апартеидга қарши коалицияси ва «Талабалар Фаластинда адолат учун» коллежлараро ташкилоти — намойишчилар ўзларини тинч тутганини маълум қилди. Улар, шунингдек, кампус ташқарисида тўпланган талаба бўлмаган намойишчиларни «бизнинг вакил бўлмаган касал шахслар» деб атади.

Собиқ президент ва 2024 йилги сайловларда Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп университет норозиликларини «мамлакатимиз учун шармандалик» деб атади ва айбни Байденга юклади.

24 апрель куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Колумбия университетига ташриф буюрди. У ректор Шафиқни «агар бу хаосни дарҳол тартибга келтира олмаса», истеъфога чиқишга чақирди ва муассаса яҳудий талабаларни антисемитизмдан ҳимоя қила олмаганини таъкидлади.

«Биз сўз эркинлигини ҳурмат қиламиз, ғоялар хилма-хиллигини ҳурмат қиламиз, лекин буни қонуний йўл билан қилиш усули бор… Лагердаги ўқувчиларга айтадиган гапим: дарсга қайтинг ва бу бемаъниликни тўхтатинг», — деди у.

Бунга жавобан талабалар гуруҳи Жонсонга ҳуштак чалиб, Фаластинни қўллаб-қувватловчи шиорлар айта бошлади.