25−26 май кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида пара-дзюдо бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини берувчи Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.

Мусобақанинг дастлабки кунида ўзбекистонлик пара-дзюдочилар 5 та медалга сазовор бўлишди. Иккинчи кун дастурида Ўзбекистон терма жамоаси яна 4 та медални қўлга киритди. Жумладан, эркаклар ўртасида -81 кг вазн тоифасида Давурхон Кароматов ва +100 кг вазн тоифасида Ширин Шарипов олтин, -100 кг вазн тоифасида Сулаймон Алаев ҳамда Шариф Ҳалилов бронза медалларига эга чиқишди.

Дастлабки кунги баҳсларда аёллар ўртасида Лобар Хуррамова (-48 кг), Севинч Салаева (-52 кг) ва Парвина Самандарова (-57), эркаклар ўртасида Шерзод Намозов (-60 кг) ва Ўткир Ниғматов (-66 кг) кумуш медалга сазовор бўлишди. -66 кг вазн тоифасида татамига кўтарилган Учқун Қуранбаев эса бронза билан тақдирланди.

Гран-При якунларига кўра, Ўзбекистон пара-дзюдо терма жамоаси 2 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медали билан 38 та мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.