Ижтимоий тармоқларда Мисрнинг «Fly Egypt» авиакомпанияси самолёти 26 май куни Тошкентнинг марказидан учиб ўтганлиги айтилган хабар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди. Унга кўра, Тошкент — Қоҳира йўналиши бўйича FEG 1402 қатновини бажараётган «Fly Egypt» авиакомпаниясининг рўйхат рақами SU TMG бўлган, Boeing-737 русумли ҳаво кемаси экипажи «Тошкент» аэропортидан парвозни амалга ошириш жараёнида нотўғри манёврни амалга оширган.

«Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 декабрдаги 505-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиация ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳалокати ва инцидентларини текшириш қоидалари»га мувофиқ авиаҳодиса текширувини ўтказиш юзасидан комиссия тузилди», дейилади хабарда.

Ҳозирда комиссия томонидан ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.