21 май куни биринчи совет водород бомбаси яратувчиси, кейинчалик энг таниқли совет диссиденти, тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори ва «Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамиятининг биринчи раиси академик Андрей Сахаров таваллудининг 100 йиллиги нишонланди.

«Андрей Сахаров Совет водород бомбаси конструктори, ҳокимият тепасидагилар эса ҳеч нарса ҳақида ҳарбий куч каби қайғурмайди. Бошқа томондан эса, худди ўша одам мамлакатлар ўртасидаги бўлинишни енгиб чиқишга даъват этган, инсон ҳуқуқларини одамларни бирлаштириш учун ягона асос деб тарғиб қилган», — дейди Сахаров маркази директори Сергей Лукашевский.

Совет режими билан очиқ қарама-қаршиликка киришганида барча давлат мукофотларидан маҳрум бўлган академик, мардонавор ва доимий равишда репрессив коммунистик тизимга қарши чиққан ҳамда сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаган Совет диссиденти Андрей Сахаров ҳақида баъзи маълумотларни тақдим этамиз.

Диссидент (лот. dissidens «норози»), ғайрификр — умумий қабул қилинган қарашларга зид бўлганларини қўллаб-қувватлайдиган киши. Кўпинча, ушбу шахсий эътиқодларнинг мавжуд бўлган таълимот билан тўқнашуви кишининг ҳокимият томонидан таъқиб, сургун ёки репрессия қилинишигача олиб келиши мумкин.

32 ёшли академик

Фото: Андрей Сахаров / biblioatom.ru

Андрей Дмитриевич Сахаров 1921 йил 21 май куни Москвада туғилган. Совет физик-назариячиси, СССР Фанлар академиясининг академиги, биринчи совет водород бомбаси ихтирочиларидан бири.

1948 йилда у махсус гуруҳга қўшилиб, 1968 йилгача термоядровий қуролларни ишлаб чиқаришда ишлаган, «Сахаров қатлами» деб номланган схема бўйича биринчи совет водород бомбасини яратилишида ва ишлаб чиқилишида қатнашган.

32 ёшида, у Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди ва СССР Фанлар академияси тарихида академик сифатида сайланган пайтда (С.Л.Соболевдан кейин) иккинчи энг ёш академик бўлди.

1955 йилда «такомиллаштирилган» водород бомбаси синовдан ўтказилганда, Сахаров ядро синовларининг гуманитар оқибатлари ҳақида ўйлашни бошлади.

«Мен учун асосий нарса бу иш кераклигига ички ишонч эди. Даҳшатли бузғунчи куч, ишлаб чиқиш учун зарур бўлган улкан саъй-ҳаракатлар, уруш натижасида вайрон бўлган қашшоқ ва оч мамлакатдан олинган маблағлар, хавфли саноат ва мажбурий меҳнат лагерларидаги инсонлар қурбонлиги — буларнинг барчаси фожиа туйғусини эмоционал жиҳатдан кучайтирди. Ҳамма қурбонликлар беҳуда бўлиб қолмаслиги учун ўйлашга ва ишлашга мажбур қилар эди. Менинг энг катта орзуйим — термоядровий қурол урушни ушлаб туриши, аммо ҳеч қачон қўлланилмаслигида», — деган эди Андрей Сахаров.

Фото: g2.dcdn.lt

Андрей Сахаров 1958 йилда термоядровий бомба портлашларининг радиоактив оқибатлари тўғрисида мақола чоп этди ва унда ядро синовларини тўхтатишга чақирди. «Одамнинг ҳаёт давомийлиги ўртача 20 минг кун бўлишини ҳисобга олсак, глобал нурланишнинг ҳар бири рентгени ҳаёт давомийлигини бир ҳафтага қисқартиради», — дея хулоса берганди у кейинчалик. СССР ҳукумати синовларни шундоқ ҳам тўхтатмоқчи эди, лекин бу борада Ғарб билан музокаралар деярли илгариламаётган эди. Шунда Хрущёв синовларни қайта бошлашга қарор қилди ва Сахаров «бошқаларнинг ишига аралашиш»да айбланди.

Ҳукуматга қарши фикр ва унинг оқибатлари

1960 йилларнинг охиридан бошлаб Андрей Сахаров СССРдаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича ҳаракатнинг раҳбарларидан бири эди. У психиатрик шифохоналарда мажбурий даволаниш ҳамда «эътиқод ва ахборот фаолияти учун кўпроқ оммавий таъқиб қилиш» имкониятини берувчи янги қонунга қарши чиқди. Шу билан бирга Байкал кўли қўмитаси таркибида Сахаров кўл қирғоғида саноат фаолиятини тақиқлаш учун курашиб келган эди.

Академик ўзининг сиёсий ғояларини 1968 йил «Тараққиёт, ўзаро тинчликда яшаш ва интеллектуал эркинлик тўғрисида мулоҳазалар» мақоласида баён қилган. У 1960 йиллардан бошлаб КГБ назорати остига тушади. Тинтувларга, матбуотда кўплаб ҳақоратларга дучор бўлган.

Мақолани дастлаб Совет газетасида нашр этмоқчи бўлганида матн цензурадан ўта олмаган. Кейин Сахаров уни «самиздат»га юборишга қарор қилган. Мақола кўплаб мамлакатларда нашр этилган ва «Радио Свобода» эфирида узатилган. Брошюра «The New York Times» да нашр этилгандан сўнг, Андрей Сахаровни Арзамас-16 махфий объектидаги ядро билан боғлиқ ишлардан четлатишган.

Фото: biblioatom.ru

Брошюра Сахаровнинг Кубада ракета инқирози ҳақидаги мулоҳазалари фонида ёзилган. Ўшанда у ўзи ихтиро қилган қурол учун жавобгарлигини англаб етиб, дунё янги уруш арафасида бўлишидан қўрққан.

1970−1980 йилларда Сахаровга қарши кампаниялар амалга оширилиши бошланди. «Правда» газетасида СССР Фанлар академияси аъзоларининг Андрей Сахаров фаолиятини қоралаган мактуб («40 академикнинг хати») эълон қилинди. Ундан сўнг эса Сахаров ва Солженицинни қоралаган «Ёзувчилар хати» чоп этилди.

Брошюранинг чиқарилиши билан бир вақтда Сахаров Чехословакияга қўшин киритилганини ва «сталинист террор»ни қоралаган ҳамда СССР ва АҚШни мулоқотга чақирган мақолаларни эълон қила бошлаган. 1970 йилда у «СССРдаги инсон ҳуқуқлари қўмитаси»нинг биринчи халқаро диссидент ташкилоти учта асосчиларидан бирига айланган.

1974 йилда Сахаров матбуот конференциясини чақирди ва унда СССРдаги сиёсий маҳбуслар куни ўтказилганини маълум қилди. 1975 йил «Мамлакат ва дунё тўғрисида» китобини ёзди. Худди шу йили Сахаров Тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Андрей Сахаровнинг турмуш ўртоғи Елена Боннэр унинг ўрнига Тинчлик учун Нобель мукофотини қабул қилганда сўзлаган нутқи, 1975 йил. Видео: Сахаровский центр.

1977 йил сентябрда у ўлим жазоси муаммоси бўйича ташкилий қўмитага хат билан мурожаат қилиб, унда СССРда ва бутун дунёда ушбу олий жазо бекор қилиниши кераклиги ёқлаб чиқади.

Андрей Сахаров «Лужники» даги митингда

1979 йил декабрда ва 1980 йил январида у Ғарб газеталари таҳририятларида эълон қилинган мақолаларда Совет қўшинларининг Афғонистонга киритилишига қарши бир қатор баёнотлар билан чиққан.

1980 йилда Сахаров чет элликлар учун ёпиқ бўлган Горький шаҳрига (ҳозирда Нижний Новгород) депортация қилинди. Академик ҳукумат мукофотлари ва совринларидан бутунлай маҳрум қилинди. Бироқ Горький шаҳридаги изоляцияда Сахаров ишлашда давом этган. 3 маротаба очлик эълон қилган. Деярли етти йил давом этган сургундан сўнг, 1986 йил декабрида, «қайта қурилиш» даври бошланган пайтда академик сургундан қайтарилади. Декабрь ойининг ўрталарида унинг хонасига махсус телефон ўрнатишади. Эртасига Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг бош котиби Михаил Горбачёв ушбу телефон бўйича қўнғироқ қилиб: «Андрей Дмитриевич, қайтиб келинг» дея Сахаровни депутатлар конгрессига чақиради.

Cургун даврида КГБ ходимлари Сахаров 1978 йилда ёзишни бошлаган «Хотиралар» номли қўлёзмасини ўғирлашган. Сахаров икки маротаба у китобни ўз хотирасидан тиклаган.

Социологларнинг таъкидлашича, айнан Сахаровнинг сургун қилиниши ва унинг шахсини қоралашга қаратилган совет тарғиботи унинг номини СССРда ҳақиқатан ҳам машҳур қилган ҳамда уни демократик кураш рамзига айлантирган.

«ЦК КПСС томонидан тушириладиган кўрсатмалар Союзнинг барча таҳририятларига етиб борар эди. Ёвуз таъқиб, академикнинг номини булғаш ва туҳмат, уни бошқалардан ажратиб, алоҳида мақомга эга бўлишига ёрдам берган», — дейилади Лев Гудков ва Алексей Левинсонларнинг 2011 йилдаги социологик тадқиқотида.


Андрей Сахаров СССР Халқ депутатлари биринчи съездида нутқ сўзламоқда.

1989 йил 9 июнь куни Андрей Сахаров СССР Халқ депутатлари биринчи съездида нутқ сўзлаб, ўзининг машҳур «Ҳокимият ҳақидаги декрети»ни эълон қилади.

«Амалдаги Конституцияга кўра СССР Олий Кенгаши Раиси ҳеч нарса билан чегараланмаган мутлақ (абсолют — таҳр.) шахсий ҳокимиятга эга. Бундай ҳокимиятнинг бир кишининг қўлида тўпланиши жуда хавфли, гарчи бу инсон қайта қурилиш ташаббускори бўлса ҳам. Ўз ўрнида, мен Михаил Сергеевич Горбачевга ҳурматим чексиз, лекин бу шахси масала эмас, бу сиёсий масала. Бир кун келиб бу бошқа одам бўлади», — дейди у нутқида.

Сергей Лукашевский Сахаровнинг Депутатлар йиғилишидаги нутқини «солиҳ кишининг ҳокимият олдидаги нутқи» деб атайди. Конгрессда Сахаров биринчи навбатда ҳокимиятнинг легитимлигини таъминлаш учун ҳокимият тўғрисида фармон қабул қилишни таклиф қилади, аммо академик қўллаб-қувватланмайди. Сахаров чиқишга ажратилган вақт қоидаларини бузганлиги сабабли унинг микрофони ўчириб қўйилади. Бироқ у залдаги кулишлар ҳамроҳлигида ўз чиқишини микрофонсиз давом эттиришга ҳаракат қилади.

1989 йил декабр ойида академик СССР Халқ депутатлари қурултойи йиғилишида бўлганида, тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилишни бошлайди. «Мен жуда чарчадим», дея йиғилганларга мурожаат қилади. Бироз вақт ўтгач 68 ёшли академик ўз уйида тўсатдан юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этади.

Фото: moslenta.ru

«„Горбачёвнинг йўлида турманг“ ибораси Совет зиёлилари ва чет элдаги дўстларимиз орасида жуда машҳур. Аммо бу хавфли. Бугун Горбачев. Эртага бошқа инсон ва бунга кафолат йўқ. Келинг ростини айтамиз, ҳеч қандай кафолат йўқ», — деган эди Андрей Сахаров ўлимидан бир йил олдин.

Нозима Ҳошимова тайёрлади.