Чанг ва ифлосланган ҳаводан нафас олишнинг имкони бўлмаётган шаҳарларимиз ҳавоси нима учун бундай ҳолга келди? Кўриниб турибдики, ифлосланиш даражасини тўлиқ баҳолаш учун мамлакатимизда мониторинг пунктлари етарли эмас. Ҳавонинг ифлосланишини мониторинг қилиш учун республика бўйлаб автоматик станциялар ўрнатиш режалаштирилган. Айни пайтда, турли хил манбалардан олинган маълумотларни таққослаш кутилаётган натижани бермаслиги мумкин.

Йель университети томонидан тузилган экологик натижадорлик индекси 11 тоифадаги самарадорлик кўрсаткичларидан фойдаланади ва атроф-муҳит ҳолати ва экотизимнинг барқарорлиги бўйича 180 мамлакатни баҳолайди.

2020 йилги тадқиқотларга кўра, ҳаво сифати кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон дунёнинг 180 мамлакати орасида 177-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон, айниқса Тошкент аҳолиси учун бу ажабланарли эмас. Биламизки, IQAir платформаси маълумотларига кўра, Тошкентда ҳаво сифати жуда ёмон бўлиши мумкин. Йель университетининг экологик натижадорлик индексида бутун Ўзбекистонда ҳаво сифати жуда паст деб баҳоланган. Биздан кейин фақат Непал, Ҳиндистон ва Покистон.

Таққослаш учун қуйидаги жадвалда баъзи мамлакатлар ва уларнинг ҳаво сифати баҳолари кўрсатилган:

Ўрин

Мамлакат

Ҳаво сифати индикатори

29

Жанубий Корея

71,7

36

Иордания

58,0

59

Эрон

49,2

68

Алжир

45,3

115

Қозоғистон

32,0

136

Зимбабве

27,2

177

Ўзбекистон

15,0

Манба: Йель университети экологик қонунчилик ва сиёсат маркази, 2020 йил.

Ушбу тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда ҳаво сифати Зимбабве ва Қозоғистонга қараганда тахминан икки баравар ёмон, Жазоир ва Эронга нисбатан уч баравар ёмонроқ…

Ҳавонинг ифлосланишининг жуда кўп аниқ сабаблари бор: кўмир ва ўтин ёниши ёки дизель ёқилғисидан ҳосил бўладиган саноат ва маиший чиқиндилар, автомобиллардан чиқадиган газлар ва бошқалар. Ўзбекистон мисолида, сабаблар рўйхатига яна қўрқмасдан шаҳарларда қурилишлар учун яшил зоналар ва боғларнинг йўқ қилинаётганлигини, шаҳар жамоат транспортининг нотўғри бошқарилишини, йўлларнинг чексиз кенгайтирилиши ва аҳолининг автомобилизация сиёсатини киритишимиз мумкин.

Ҳавони шаҳар ичкарисидаги ифлослантирувчи, шу билан бирга эскирган технологиялар билан ишлаётган саноат корхоналарнинг нотўғри жойлашуви, иссиқлик электр станцияларида кўмирдан фойдаланишда давом этилиши, автомобиль ёқилғиси экологизация даражасининг пастлиги ва бошқалар ифлослантирмоқда.

Аниқ савол вужудга келади: энди нима қилиш керак? Қандай қилиб ҳаво сифатини яхшилаш ва дунёдаги энг ифлос ҳаводан нафас олишни тўхтатиш мумкин? Биз қила оладиган энг биринчи, энг осон ва энг қулай ҳаракат — дарахтларни бошқа кесмасликдир! Дарахтларнинг атроф-муҳит, соғлиқ ва ҳатто иқтисодиёт учун аҳамияти тўғрисида олдинроқ бир неча бор ёзган эдим.

Келинг, сўнгги йилларда яшил шаҳримизни нимага айлантирганимизга назар солайлик:


Тошкент (биринчи сурат — 2005 йил июль, иккинчиси — 2020 йил май). Манба: Google Earth.


Тошкент маркази (биринчи сурат — 2008 йил июль, иккинчиси — 2020 йил август). Манба: GoogleEarth.


Тошкент, собиқ Комсомол кўли (биринчи сурат — 2014 йил июль, иккинчиси — 2020 йил август). Манба: Google Earth.


Тошкент, Чилонзор тумани (биринчи сурат — 2008 йил июнь, иккинчиси — 2019 йил июль). Манба: Google Earth.


Фарғона шаҳри (биринчи сурат — 2008 йил август, иккинчи сурат — 2020 йил август). Манба: Google Earth.

Дарахтлар — бу соғлик демакдир

Дарахтлар — бу қурилиш, йўлларнинг кенгайишига «тўсқинлик қиладиган» ёки оддийгина биноларнинг фасадига тўғри келмайдиган эстетик предметлар эмас. Дарахтлар инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жуда аҳамиятлидир. Маълумки, ифлосланган ҳаво билан нафас олиш юрак хуружлари, инсульт, диабет ва юқори қон босими каби саломатлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Тадқиқотлар ҳаво сифатининг ёмонлиги юрак-қон томир касалликлари ўлим ҳолатининг 19 фоизига ва ўпка саратони ўлим ҳолатининг 29 фоизига сабаб эканлигини кўрсатиб турибди. Бундан кўринадики, соғлиққа кўрсатилган бу таъсирлар соғлиқни сақлаш хизматларига харажатларнинг ошишига ва катта иқтисодий харажатларга олиб келади.

Ушбу касалликлар (юрак хуружлари, инсультлар, диабет) COVID-19 инфекциясидан ўлиш эҳтимолини оширади. Гарвард жамоат соғлиқни сақлаш мактаби олимлари томонидан олиб борилган янги тадқиқотлар натижасида ҳавонинг йиллар давомида ифлосланиши ўртасидаги боғлиқлик аниқланди. Ҳаво ифлосланишининг 1 мкг/м3га ошиши, кўриб чиқилаётган ҳудудда COVID-19дан ўлимнинг 11 фоизга кўпайиши билан боғлиқ.

The Lancet журналида чоп этилган 2017 йилги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шаҳарларда кўкаламзорлаштиришнинг 10% га кўпайиши эрта ўлимнинг ўртача 4% га камайишига олиб келган.

Дарахт экиш — бу яхши. Аммо кўчатлар ҳар доим ҳам кесилган катта баргли дарахтлар келтирган фойдаларни қоплай олмайди, чунки навниҳол новдада ўсган шох-шаббалар йўқ ва улар нисбатан кам кислород чиқаради. Янги экилган дарахтлар кейинги йигирма йилликда ҳавонинг тозаланишини таъминламайди ва катта баргли дарахтлар каби микроиқлимга фойдали таъсир кўрсатмайди. Иқлимни яхшилаш учун мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш, уларнинг ўрнини кўплаб янги кўчатлар билан тўлдиришдан кўра муҳимдир.

Эҳтимол, икки йил ичида ваъда берилган хиёбон барпо бўлар, ёки йўқ — буларнинг барчаси келажакда рўй беради. Аммо ҳозир бир нарса аниқ: биз мавжуд дарахтларни кесмаслигимиз керак. Дарахтларнинг кесилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Хар биримизнинг бурчимиз

Тошкентда дарахтларни кесишга мораторий жорий қилинган, бироқ, бу мораторий амалда қўлланилмаяпти шекилли. Айниқса, шаҳарнинг турар-жойлари ичкарисида шаҳарнинг ҳеч қандай бош режасисиз давом этаётган қурилишлар одамларнинг соғлиғи учун зарур бўлган соғлом дарахтларни кесиш билан бирга олиб борилмоқда.

Дарахт — жамият бойлигидир. Ҳеч ким уни одамларга, биноларга халақит бергани ёки хунук кўрингани учун кесиб ташлолмайди. Бизнинг уларни йўқ қилишга маънан ҳаққимиз йўқ.

Дарахтларнинг маҳаллий аҳолининг розилигисиз, баъзан қўрқоқларча, тун ярмида кесилаётгани одамни ташвишга солади. Ноқонуний шаҳарсозликлар ва қарор қабул қилувчиларни дарахтларнинг кесилишига йўл қўйганликда айблаш бошқа, ёнингиздаги дарахтларни ҳимоя қилиш эса бошқа нарса. Айб ўзимизда ҳам, одамларда ҳам бор.

Кўп одамлардан дарахтларни асраш — ташвишланишимиз керак бўлган биринчи навбатдаги муаммо эмаслигини эшитаман. Бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Агар ҳозир бўлмаса, эҳтимол яқин келажакда аксарият муаммоларни тўғри ечимлар ёки керакли одамлар билан ҳал қилиш мумкин бўлади. Аммо нобуд қилинган дарахтларни, демакки, вайрон қилинган экотизимни бир неча йил ичида тиклаб бўлмайди.

Биз маҳаллий ва халқаро ҳамжамиятни хабардор қилишга урина туриб, халқаро майдонда Орол денгизининг фалокати ҳақида гапирамиз. Ҳеч биримиз ушбу фожиа учун тўғридан-тўғри жавобгарликни ҳис қилмаймиз, чунки бунинг учун олдинги авлодларни айблашимиз мумкин. Бироқ, эҳтимол, баргли шаҳар дарахтларини масъулиятсиз равишда кесилишининг ҳозирги суръати, ноилмий урбанизация, йўллар тизими ва жамоат транспорти тизимининг нотўғри бошқарилиши, жамоат боғларининг камайиши оқибатида ўзимиз экотизимнинг бузилишини ва навбатдаги ҳамда жуда жиддий экологик муаммони келтириб чиқармоқдамиз.

Дунёда дарахтларнинг кесилиши мумкин бўлган ҳар бир ҳолат, уларни бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича жамоатчилик муҳокамасини талаб қиладиган амалиёт мавжуд. Яқин атрофда яшовчиларни дарахтлартлар кесилиши мумкин бўлган ҳолатларда ёзма тартибда хабардор қилиш мумкин. Ёзма хабарнома кесилиши режалаштирилган дарахт яқинида осиб қўйилиши керак. Унда сўз юритилаётган дарахт, унинг кесилиш сабаблари ва жамоат муҳокамаси ўтказиладиган вақт, жой кўрсатилади. Барча хоҳловчилар муҳокамада иштирок этишлари мумкин.

Бу Массачусетс штатидаги Уинтроп шаҳри шаҳар маъмурияти хабарномасининг намунаси.

Хабарномаларнинг яна бир тури — шаҳар маъмурияти 10 кун ичида аҳоли эътироз билдирмаган тақдирда маълум сабабларга кўра дарахт кесилиши тўғрисидаги эълонни жойлаштиради. Агар эътирозлар бўлса, шаҳар аҳоли ўз қарашларини ҳимоя қилиши учун оммавий тингловни ўтказади.

Бундай амалиёт бизнинг мамлакатимизда фойдали бўлган бўларди — бу шаффофликни ва аҳолининг маълум бир дарахтни ҳимоя қилишда тингланиш ҳуқуқини таъминлайди.


Жамоат хабарномаси, Коннектикут штати, Гринвич шаҳри. Манба: greenwichfreepress.com

Кесилган дарахтларни, шу йўл билан зарарланган экотизимни ва ҳавонинг сифати сабабли аҳолининг «ўғирланган» соғлиғини ҳеч нарса қоплай олмайди. Кеча ва бугун бу муаммога эътибор бермасдан ва ҳал қилмасдан, биз Тошкент ва бошқа шаҳарларнинг муқаррар экологик ҳалокатига йўл очяпмиз. «Мовий гумбазла») яқинидаги ёки Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги боғдаги дарахтларнинг кесилиш таҳдиди туғилса, бу Тошкентнинг бошқа ҳудудларида яшовчиларни ташвишга солмай қўймайди. Заводнинг заҳарли чиқиндилари туфайли Навоий аҳолиси нафас олишга қийналганида, бу барча ўзбекистонликларга ҳам тегишли бўлиши керак. Чунки экология чегара билмайди ва барчага таъсир қилади.

Амалий бир ғоя

Агар ҳар бир фуқаро шаҳар дарахтлари, шаҳар боғлари ва яшил майдонларнинг аҳамиятини тушунишни бошламаса ва улар учун жавобгарликни ҳис қилмаса, бу муаммони ҳал қилиш мушкул бўлади.

АҚШнинг баъзи шаҳарлар маъмуриятлари аҳолидан шаҳарда соғлом шаҳар ўрмони ва ёлғиз дарахтларни сақлашга ёрдам беришни сўрашмоқда. Энг аввало, шаҳардаги ҳар бир дарахт ўз паспортига ва харитадаги жойига эга бўлиши керак. Аҳоли ўз уйлари (бизнеси, мактаби ва ҳ.к.) яқинида ўсаётган дарахтларни «асраб олиши» ва уларни суғориш ва тўғри парвариш қилиш мажбуриятини олишлари мумкин. Ушбу вазифани шаҳар аҳолиси ҳеч бир қийинчиликсиз бажара олади ва ҳозирданоқ уни кенг миқёсда амалга оширишни бошлаш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир дарахтнинг унга ғамхўрлик қиладиган, айниқса, занжирли бензоаррали одамлардан ҳимоя қиладиган кишиси бўлиши керак.


Adopt-A-Tree дастуридан олинган дарахтлар харитаси, Кембриж, Массачусетс, 2021 йил.

Дарахтларни кесиб, бошқаларга дарахтларни кесишга рухсат бериб, ҳар бир дарахтнинг кесилишига кўз юмиб, биз болаларимизнинг умрини қисқартирамиз. Бу ердаги яшил дарахтлар ўрнига ҳеч қандай эстакада, савдо маркази ёки турар-жой мажмуаси бизни соғломроқ қилмайди — афсуски, аксинча.

Тошкент ва унинг аҳолиси Амир Темур майдонида юз йиллик дарахтларнинг қандай кесилганини унутмаган ва унутмайди. Бир ёки бир нечта одамнинг буйруғи ва истак-хоҳиши билан бир неча авлодлар учун тоза ҳаво ва соғлиқни таъминлаган экотизим бузилганда биз бу каби сценарийлардан қочишимиз керак.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Ботир Қобилов
Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси. Дьюк Университети (АҚШ) иқтисодиёт магистри. Олдинроқ Ўзбекистон Марказий банкида бош иқтисодчи бўлиб ишлаган.