Мактабларда ўқув йили якунланиб, ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказилишига икки ойдан кам вақт қолганига қарамасдан, ўтган ҳафтагача юз минглаб абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва устозларни қийнаб келаётган саволлар жавобсиз қолаётган эди. Жорий йилда нечта фандан имтиҳон бўлади: 2019-йил 14-майдаги Президент қарорида тасдиқланганидек бештами (қарорнинг 3 та мажбурий ва 2 та мутахассислик фанларидан имтиҳон бўлиши белгиланган қисмигат ўзгартириш киритилмаган) ёки Давлат тест маркази айтиб ўтганидек иккитами? ДТМ расмий сайтида айтиб ўтилган «тест топшириқларининг соддалаштирилиши» деганда нимани тушуниш керак?

Вазият ўтган пайшанба куни бўлиб ўтган брифингдан сўнггина бироз ойдинлашди. Бу ноаниқликлар давомида ДТМ ва бир Телеграм канали ўртасида бошланиб кетган савол-жавоб «жанги»га гувоҳ бўлдик. Бизни эса, юқоридаги канал админининг (ўзи таъкидлаганидек, бир «тентакона») таклифи қизиқтириб қўйди: белгиланган шартларга амал қилган ҳолда, кириш имтиҳонларини ўтказиш хусусий сектор қўлига топширилса нима бўлади?

Келинг, хориж тажрибасини таҳлил қилиб, қайси омиллар туфайли хорижий нодавлат-нотижорат ташкилотлар кириш имтиҳонларини тузиш ва сертификат бериш ишларини муваффақиятли амалга ошириб келаётганликларига ойдинлик киритамиз.

Нега ҳамма IELTS ва TOEFLга ишонади?

Таҳлилни кўпчиликка таниш бўлган инглиз тилини билиш даражасини текширувчи халқаро тест — IELTS дан бошлаймиз. Умуман олганда, бу тест ОТМларга кириш имтиҳони сифатида ишлаб чиқилмаган. Бироқ, инглиз тили она тили бўлмаган абитуриентлар халқаро университетларга киришдан олдин бу тест синовидан ўтиши ва университет томонидан белгиланган энг кам баллни қўлга киритиши лозим (бакалавр босқичи учун, одатда, максимал 9.0 баллдан 5.5- 6.0, магистратура учун эса 7.0).

Юқоридаги минимум баллар абитуриент инглиз тилидаги илмий китобларни ўқиб, шу тилдаги маърузаларни тинглаб тушуниши ва ўқитувчилар билан мулоқот қила олишини англатади. Бундан ташқари, инглиззабон давлатларга муҳожирлик ва ишчи визаларини олиш учун ҳам ушбу тест натижалари талаб этилади. Ўтган йилдан бошлаб эса юртимизда IELTS сертификатига эга абитуриентларга давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида инглиз тилидан энг юқори балл бериш тартиби жорий қилинди.

Тест Кембриж университетининг инглиз тили бўйича халқаро имтиҳонлар билан шуғулланувчи бўлими (Cambridge Assesment English), Британия Кенгаши ва Австралиянинг IDP ташкилоти ҳамкорликдаги маҳсулоти ҳисобланади.

Тест материаллари Кембриж университети томонидан тайёрланади ва тасдиқланади. Тестология (тестларни тузиш ва қўллаш ҳақидаги махсус фан) бўйича бир маърузада тест ташкилотчилари биттагина тест вариантини тайёрлаш жараёни — уни режалаштириш, синаб кўриш, таҳлил қилиш тахминан 3 йил талаб қилишини айтиб ўтишди. IELTS тестларини 140 дан ортиқ мамлакатда топширишингиз мумкин, Ўзбекистон ҳудудида тест 2 та аккредитацияланган марказ томонидан ташкиллаштирилади.

Тест натижалари хоҳ Британияда, хоҳ бошқа чет давлатларида қабул қилинишининг сабаби қандайдир расмий қарорлар эмас, балки ишончдир. Тестнинг валидлиги бўйича мунтазам равишда тадқиқотлар олиб борилади, тестнинг ишончлилик даражаси эса максимал кўрсаткич — 1га яқин.

Инглиз тилини хорижий тил сифатида ўрганаётганлар учун яна бир тест — IELTS нинг асосий рақобатчиси ҳисобланган TOEFL бўлиб, у АҚШда жойлашган Таълимий тест хизмати (Educational Testing Service, ETS) нодавлат-нотижорат ташкилоти маҳсули ҳисобланади. Бу тестнинг ишончлилигини текшириш учун ҳам мунтазам илмий тадқиқотлар ўтказиб борилади ва натижалар оммага тақдим этилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, ОТМларда бу сертификат тан олинишининг сабаби АҚШ федерал ҳукумати қарори эмас, балки олиб бориладиган тадқиқотлар натижаларидир.

Бу тестлар аслида кириш имтиҳонлари эмаслигини, инглиз тилида сўзлашувчи маҳаллий абитуриентлар бу имтиҳонни топширмасликларини айтиб ўтдик. Хўш, унда улар учун кириш имтиҳонлари қай тарзда бўлиб ўтади?

Ривожланган давлатлардаги кириш имтиҳонлари

Буюк Британияда имтиҳонлар билан боғлиқ қоидаларни ҳукумат таркибига кирмайдиган, балки тўғридан-тўғри парламентга бўйсунувчи ташкилот — Ofqual (Квалификациялар ва имтиҳонлар бошқармаси) ишлаб чиқади. Айнан шу ташкилот мактаб битирувчиларининг якуний аттестацияси бўлган A-level имтиҳонлари қоидаларини ҳам белгилайди. (Мактаб ўқувчилари шу имтиҳонлар натижалари билан ОТМларга қабул қилинади.)

Ofqualнинг ўзи имтиҳон саволларини тузиш ёки имтиҳонни ташкиллаштириш билан шуғулланмайди, балки масъул ташкилотлар риоя қилиши лозим бўлган қоида ва мажбуриятларни ишлаб чиқади. У қўйган энг асосий шартлардан бири — бу тестнинг валидлиги. Ҳозирги кунда 5 та нодавлат ташкилот A-level имтиҳонларини ўтказишга рухсатнома олган. Улардан қайси бирининг хизматларидан фойдаланишни эса мактаблар ҳал қилади. Қизиқарлиси шуки, бир фандан имтиҳонни бир ташкилотда топширсангиз, бошқа фан учун иккинчи бир ташкилотни танлаш ҳуқуқига эгасиз.

Кўриб турганимиздек, ҳукумат фақат «ўйин қоидалари»ни тузади ва унга риоя қилинишини назорат қилади. Имтиҳонларни ўтказиш ва сертификат беришга эса нодавлат ташкилотлар масъул.

АҚШ мактаб битирувчилари ҳам иккита стандартлаштирилган имтиҳон — ACT ё SAT дан бирини топширишади. Иккала тест ҳам нодавлат-нотижорат ташкилотлар — ACT ва College Board лойиҳалари.

Австралия ОТМларига қабул жараёнида ATAR (Australian Tertiary Admission Rank — Австралия ОТМларига қабул рейтинги)дан фойдаланилади. Унга кўра, мактаб битирувчисига унинг мактаб давридаги ютуқ ва эгаллаган кўникмаларига таяниб, 100 баллик тизимда рейтинг белгиланади. Рейтингдан жой олмаган ёки рейтинги эскирган (аввалги йил битирувчилари)лар учун махсус стандартлаштирилган тест — STAT (Special Tertiary Admissions Test) белгиланади.

Тестни ишлаб чиқиш ва ташкилий ишлар билан 1930-йилда асос солинган нодавлат-нотижорат ташкилот бўлмиш ACER (Австралия таълим тизими тадқиқот маркази) шуғулланади. ACER ўз тест хизматларини Бирлашган Араб Амирлиги мактабларига ҳам таклиф этган.

Штаб-квартираси Женевада жойлашган International Baccalaureate нодавлат ташкилоти ёки Кембриж университети таркибига кирувчи «Cambridge Assessment International Education» ташкилоти дастурларини тамомлаганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиб ҳам, дунёнинг кўплаб университетларига топшириш имконини қўлга киритасиз.

Бу дастурлар сертификатини олиш учун уларнинг махсус ўқув дастурида таълим олишингиз ва ўқиш якунида стандартлаштирилган тест имтиҳонидан муваффақиятли ўтишингиз лозим бўлади. Шуни айтиб ўтиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар бир вилоятда барпо этилаётган президент мактабларидаги айрим фанлар «Cambridge Assessment International Education» дастури бўйича ўқитилади ва кириш имтиҳонлари ҳам ушбу ташкилот томонидан тузилган эди.

Кўриб турибмизки, нодавлат ташкилотларни кириш имтиҳонларини тузишга жалб қилиш кўпгина ривожланган давлатлар томонидан қўлланилиб келинмоқда. Бундай ташкилотлар сертификатлари нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам ўз кучини сақлаб қолади.

Ноаниқлик ва илмий асоссизликка «йўқ» деймиз

Тестларни тузиш ва ўтказиш — бу энг аввало илмий жараён. Ҳар қандай тест топшириқлари илмий асосга эга бўлиши ва бу тест натижаларидан фойдаланаётган ташкилотлар (масалан, абитуриентни қабул қилаётган ОТМлар) тестнинг валидлиги ва ишончлилига амин бўлишлари лозим.

Валидация (тестни илмий асослаш) жараёни анчагина вақт, молия ва инсон омилини талаб қилади. Илмий тадқиқотлар ўтказиб, тестларининг валидлиги ва ишончлилигини асослашга қодир ташкилотларгина бу соҳада етакчиликни қўлга киритади.

Ҳаттоки тест топшириқлари давлат бошқарувидаги ташкилотлар томонидан тузиладиган мамлакатлар (Россияда ЕГЭ, Жанубий Кореяда CSAT, Японияда ОТМга қабул учун миллий имтиҳон)да ҳам тест ташкилотчилари мунтазам равишда топшириқларнинг валидлиги борасида тадқиқотлар ўтказиб боришади ва бу тадқиқотлар натижаларини эълон қилишади. Тест тизимидаги ҳар қандай ўзгариш асосланган бўлиши ва бир неча йил олдин эълон қилинган бўлиши лозим. Масалан, Япония тест тизимида 2021-йилда бўладиган ўзгариш тўғрисида 2019-йилдаёқ эълон қилинган.

ДТМ ташкиллаштирадиган тестларнинг илмий асосланганлиги ҳақидаги мунозаралар аввал ҳам кўтарилганди. Бундан ташқари, тест ташкилотчиси ўз зиммасидаги масъулиятни юқори турувчи ташкилот, масалан, «давлат комиссияси»га юклаб қўя олмаслиги ҳақидаги фикрни ҳам билдирган эдик. Тестнинг илмий жиҳати билан шуғулланиш юқори ташкилотлардаги амалдорларнинг иши эмас. Абитуриентларнинг имтиҳондан бир неча ой олдин ҳам нечта фандан имтиҳон бўлиши, имтиҳон тартиби ва мазмунига қандай ўзгартиришлар киритилиши ҳақида аниқ маълумотга эга эмасликларини пандемия ҳолати билан оқлаб бўлмайди.

Келинг, мақоланинг кириш қисмида айтиб ўтилган таклифга қайтамиз. Камина олий таълим тизимидаги муаммолар таҳлил қилинган бир музокарада қатнашган эди. Шунда олий таълим муассасалари вакиллари ДТМни кириш имтиҳонларини ташкиллаштириш монополиясидан маҳрум қилиш таклифини илгари суришган эди. Яъни, маълум бир белгиланган талабларга жавоб бериб, ўз тестларининг валидлигини исботлаб бера олган нодавлат ташкилотларига кириш имтиҳонларини ташкиллаштиришга рухсат бериш, қайси ташкилот билан ҳамкорлик қилиш танловини эса ОТМларнинг ихтиёрига қолдириш таклиф қилинди.

Ушбу таклифнинг юқорида айтиб ўтилган фикрларга ҳамоҳанглигини, айниқса, давлатимиз раҳбарининг мамлакат иқтисодиётига давлат таъсирини камайтириш ва айрим давлат хизматларини хусусий секторга топшириш борасидаги яқиндаги топшириқларини инобатга олиб, бу таклиф ўйлаб кўришга арзийди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Uzbek томонидан тақдим этилди.