Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари раислигида бўлиб ўтаётган видеселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Агентлик энг аввало, дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Бунда, таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини — инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс тилларини ўргатишни ташкиллаштиради», — деди у.

Шунингдек, болаликдан хорижий тилларни пухта ўрганиш кўникмаларини шакллантирадиган оммабоп контентлар — анимацион ва видеороликлар, мобиль ўйинлар, кўнгилочар кўрсатувларни ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, Агентлик вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.

Шу билан бирга, давлат тилидан хорижий тилларга ва аксинча бир неча хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам Агентликнинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Агентлик мактаблар, олийгоҳлар, туман, шаҳар ва вилоятлар, тармоқ ва давлат идораларида хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади.

Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.

«Бир сўз билан айтганда, Агентлик „боғча — мактаб — олийгоҳ — корхона“ узлуксиз занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган тил ўрганиш методика, тавсия ва дарсликларини ишлаб чиқишни ташкил этади ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади», — деди президент.

Таъкидланишича, Жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч олийгоҳ сифатида белгиланади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳудудларда чет тилларини ўргатиш муҳитини шакллантириш, бунга ташкилий ва молиявий шароит яратишга шахсан масъул бўлади.

Давлат раҳбари чет тилини ўргатишнинг асосий бўғини — мактабларда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ўқитиш ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, аниқ ечимлар топиш зарурлигини айтди.

У мисол тариқасида Нуробод туманидаги 76 та мактабдан 57 тасида инглиз, 14 тасида немис ва 5 тасида француз тили ўқитилишини қайд этди.

Тумандаги 28 та (38 фоиз) мактабда чет тилини ўқитиш сифати энг паст ўринда. 175 нафар ўқитувчидан атиги 3 нафари сертификатга эга, 26 та ўқитувчи ўрни вакант.

«Бу йил жорий қилинган имкониятлардан фойдаланиб, Бухоро вилоятидан инглиз тили ўқитувчилари Муродовлар оиласи туманга кўчиб келиб, иш бошлаган. Бошқа ҳудуддан келиб ишлаганлик учун 11 миллион сўм бир марталик тўлов берилди, иш ҳақига 100 фоиз устама, яшаш жойининг ижара пули тўланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Нуробод тумани ҳокими вазиятни таҳлил қилиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромади ҳисобидан 20 та мактабга 1 миллиард сўм ажратиш орқали, чет тилларини ўргатиш сифатини ошириш ташаббуси билан чиққан.