Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда давлат раҳбари жорий йилда чет тилларини ўрганишни устувор вазифа сифатида белгилаб олинганини таъкидланган. Ўзбекистоннинг дунё бозорига фаол кириб бораётгани ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқалари кун сайин кенгайиши, ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда.

«Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев

Шунинг учун, жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш, барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши лозимлиги айтилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда 25 та олийгоҳда ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда (2016 йилда — 7 та).

Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошди (700 нафардан 7 минг нафарга). 60 минг нафар ўқувчилар етакчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда (2016 йилга нисбатан 12 баравар кўп).

Жорий йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 350 нафар ёшларимизнинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўп, дегани.

«Лекин, қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол, олдимизга қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмас. Бугунги кунда, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчилари лавозими вакант бўлиб қолмоқда. Шунингдек, 1 минг 400 та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда», — дея президент сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Бу кўрсаткич Қашқадарёда — 380 та, Самарқандда — 287 та, Жиззахда — 140 та, Тошкент вилоятида — 120 та, Сурхондарёда — 90 тани ташкил этади.

Мактабларда ишлаётган жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эга.

Мисол учун, 18 та туман ва шаҳарда, жумладан Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узунда бирорта ўқитувчи сертификат олмаган.

Шунингдек, жами 11 минг нафар мактаб чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган. Қашқадарёда — 55 фоиз, Жиззахда — 53 фоиз, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда — 52 фоиз.

«Шу боис, мамлакатда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди», деди давлат раҳбари.