Президент Шавкат Мирзиёев ишга қабул қилиш жараёнида хорижий тилни билиш кераклигини, ҳокимлар ҳам чет тилини билиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишидан «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Президент хорижий тилларни ўрганиш бўйича қишлоқ хўжалиги каби кластер тизимини жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.

Келгуси йилдан бошлаб, давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билишнинг мажбурий талаби киритилади. Чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилади.

«Ишга қабул қилишда чет тилини билиш мажбурий бўлади. Ҳокимлар ҳам энди чет тилини билиши керак», — деди президент.

Президент халқ таълими вазири ва вилоят ҳокимлари нодавлат таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда чет тили олимпиадаларини йўлга қўйиши кераклигини қайд этди.

Икки ҳафта ичида нодавлат таълим ташкилотлари ва хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш бўйича қарор лойиҳа ишлаб чиқилади. Бунда, кредит фоизлари харажатларининг бир қисми, Тадбиркорликни қўллаб-қуввватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, ижарада турган ўқув марказлари ижара тўлови харажатларининг 50 фоизгача қисмига субсидия ажратилади ҳамда давлат мулки объектларида фаолият юритувчи ташкилотлар ижара тўловидан озод этилади.

Ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда чет тилларини ўрганишни оммалаштириш мақсадида ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўзлаштириш ва ўрганиш куни этиб белгиланади.

Бунинг учун, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар олийгоҳ ва хусусий таълим ташкилотлари мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиб, ходимларга чет тилини ўргатишни ва хорижий тилларда ишлашни йўлга қўяди.

«Айниқса, қизларимизни чет тилларини ўрганишга фаол жалб этишимиз керак. Бу орқали нафақат битта инсонга тил ўргатамиз, балки оила ва жамиятда тил ўрганиш бўйича янги муҳит яратган бўламиз», — деди давлат раҳбари.

Хусусий сектор билан ҳамкорликда, тилни ўргатувчи интерактив материалларнинг Интернет-платформаси ва мобиль иловалари яратилиб, мактаб ва боғчаларда оммабоп видеодарслардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади. Кенг аҳоли қатламининг нутқ ва мулоқотини ривожлантиришга қаратилган чет тилларидаги мультфильм, ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда эшиттиришлар кўпайтирилади.

Шунингдек, Алишер Ходжаевга (МТРК раиси) уч ой муддатда кўрсатув ва эшиттиришлар 24 соат давомида тўлиқ чет тилларида эфирга узатиладиган янги теле- ва радиоканалларни ишга тушириши топшириғи берилди. Бунда, ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда жойлардаги 128 та Ай-Ти марказларида ёшларни чет тилларига «онлайн» ўргатиш курслари йўлга қўйилади. Бунда, тил ўрганиш харажатларининг бир қисми Ёшлар жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Икки ой муддатда хорижий тилларни ўргатиш юзасидан маҳаллий электрон дастурларни ишлаб чиқиш «стартап» лойиҳалари бўйича танлов эълон қилинади. Танлов ғолибларига камида 100 миллион сўм маблағ ажратилади ва келгуси 5 йил давомида қўллаб-қувватланади.