Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, йиғилишда малакали ўқитувчиларга муносиб шароит яратиб бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

«Бундан буён, хорижий тиллар ўқитувчиларининг ойлик маоши, уларнинг малакасига қараб белгиланади. Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даража олган ўқитувчиларга — 40 фоиз ва юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама белгиланади», — деди давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилади. Ҳозирда ушбу ҳаражат бир кишига ўртача 2 млн сўмни ташкил этади.

Молия вазири Тимур Ишметовга ушбу мақсадлар учун жорий йилда 50 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берилди.

«Келгуси йилдан бошлаб, янгидан ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади. Кейинги 3 йил давомида мактаблардаги жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчилари халқаро сертификат олишлари зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, хусусий таълим ташкилотларининг юқори балл олган ўқитувчиларига ҳам ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ой муддатда яратиладиган қўшимча имкониятлардан фойдаланиб, 1 минг 300 та вакант ўринларни малакали мутахассислар билан тўлдириши лозимлиги айтилди.

Жорий йил 1 сентябрига қадар танлаб олинган жами 207 та мактабда барча шароитлари яратилади ва чет тилларини чуқур ўргатиш бошланади. Ушбу мактабларда хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитиш йўлга қўйилади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари Халқ таълими вазирлиги ва янги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилади билан бирга, ушбу мактабларни зарур адабиётлар, ўқув дастурлари ва қуроллари ҳамда техника воситалари билан жиҳозлашга масъул бўлади.

«Умуман, Нуробод тажрибасидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлари ўз бюджетидан мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун, ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратсин. Абдувахитов, Мусаев, Шерматов, Тошқулов, Арзиев янги Агентлик билан бирга, бир ой муддатда ҳар бир ихтисослашган мактабга хорижий, айниқса Осиё давлатларидан камида 2−3 нафардан, олийгоҳларга эса камида 5 нафардан тил эгаси бўлган малакали ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқсин», — деди президент.

Мактабларнинг чет эл мутахассисларини жалб қилиш харажатлари маҳаллий бюджетдан, олийгоҳларда эса ўзининг жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари кейинги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир туманда танлов ўтказиб, камида 2 нафардан инглиз тили ва 1 нафардан бошқа чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиши айтилди.