Коронавирусга чалинган абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига киритилмайди. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди, дея хабар берди АОКА.

Турли асосли сабабларга кўра тест синовларида қатнаша олмаган абитуриентлар учун 14 кун давом этадиган тест синовларидан 4 кун ўтгач, улар учун алоҳида имтиҳонлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хабарга кўра, абитуриент тест синовларига келган вақтида иситмаси юқори бўлса, шифокорлар томонидан тегишли равишда текширув ташкил этилади. Агар унда коронавирус инфекцияси аниқланмаса, тест синовлари тугагач ташкил этиладиган имтиҳонда қатнашиш имконияти берилади. Коронавирус аниқланган абитуриентлар эса бу йилги тест синовларига қўйилмайди. Ушбу инфекция билан касалланган абитуриентлар имтиҳонда қатнашиши учун коронавирусдан соғайганлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этиши лозим бўлади.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабовнинг қўшимча қилишича, коронавирусга чалингани сабабли тест имтиҳонларида иштирок эта олмаган абитуриентларнинг имтиҳон учун тўлаган пулларини қайтариш чоралари кўрилади.

Олдинроқ, тест синовлари 2 сентябдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.