2020−2021 ўқув йили учун қабул тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб, 14 кун давомида ўтказилади, дея маълум қилди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг таъкидлашича, тест синовлари учун 40 га яқин стадион жалб этилиши режалаштирилган. Стадионларга соябонлар қўйилиши маласига ҳам эътибор қаратилади. Август ойида барча бинолар ва стадионларни жиҳозлаш амалга оширилади, сентябрь ойи бошида эса тест синовларини ўтказиш режалаштирилган.

«Натижаларни эълон қилишда ўзгариш бўлмайди. Худди ҳар йилгидек тест синовлари ўтказилган кунининг эртасига абитуриентнинг шахсий саҳифасида эълон қилинади», — деди ДТМ бошқарма бошлиғи.

Шунингдек, ДТМ вакили имтиҳонларни назорат қилиш жараёни кузатув камералари орқали амалга оширилиши ва ичкаридаги ҳолатга Давлат тест маркази, имтиҳон топшириладиган объект ҳудудига кириш жараёни учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жавоб беришини маълум қилди.

«Стадионларда кузатув камералари албатта бўлади. Ҳар бир абитуриент ва кузатувчиларнинг ҳар бир ҳатти ҳаракати суратга олинади ва телевидение орқали бериб борилади», — дея таъкидлади Барно Ражабов.

Аввалроқ президент топшириғига асосан 2020/2021 ўқув йилида ОТМларга кириш имтиҳонлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда кунига икки марта — ҳаво салқин вақтларда ўтказилиши белгилангани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020−2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши ва абитуриентлар учун имтиҳонда қўлланиладиган тест синовлари соддалаштирилиши ҳақида маълум қилинганди.