ДХХ «Хоразм йўл қурилиш» бўлим бошлиғини тадбиркордан 48 минг доллар олаётганда, Хивада эса Давлат кадастрлари палатаси ходимини ер сотиб олган фуқародан 60 минг доллар олаётган вақтда қўлга олди.
Пойтахт туманларидан бирининг мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарога ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 доллар пора олгани айтилмоқда. Яна бир ҳолатда мономарказ директори 300 доллар олганликда айбланиб ушланди.
Узун туманида ЙПХ инспектори фуқародан 800 доллар олаётганда ушлангани айтилмоқда. Ходим ҳайдовчига машинасининг ойналарини рухсатномасиз қорайтириб олган учун ҳужжат расмийлаштирмасликни ваъда қилган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими ўринбосари 8 сотих ерни ноқонуний равишда олиб беришга уринганликда гумонланмоқда. У бунинг эвазига 5,3 млн сўм олганида қўлга тушди.
Оҳангарон шаҳри прокуратураси терговчиси ва қоровули $9 минг билан қўлга тушгани айтилмоқда. Улар фуқарога жиноят ишини енгиллаштириб, ижобий ҳал қилиб беришини билдирган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали кадрлар бўлими инспектори фуқародан 400 доллар пора олганда ушланди. Муассаса ходимлари орасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани учун филиал директори ва кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод этилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ Самарқандда фуқародан ишга киритиб қўйиш учун 1000 доллар олаётган туман ФВБ бошлиғини, Фарғонада эса қарздорликни ёпиб бериш учун фуқародан 3500 доллар олаётган банк бошқарувчисини қўлга олди. Ушбу шахсгларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Навоий вилоятида иссиқхона қуриш учун мўлжалланган 2 гектар ерни сотмоқчи бўлган уч нафар шахс ушланди. Ҳокимлик томонидан ажратилган ер уйлар қуриш учун сотиб юборилиши олди олинди.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар олаётган вақтда қўлга олингани айтилмоқда. У тадбиркорларга қурилмаган 10 та иссиқхона учун 330 млн сўм маблағни жамият ҳисоб-рақамига ўтказишда ёрдам беришини ваъда қилган.
ДХХ томонидан Олмалиқ шаҳар адлия бўлими ходими ва Тошкентдаги адвокатлик фирмаси адвокати фуқаролардан пора олишда олишда гумонланиб қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда ўзини ДХХ ходими дея таништирган шахсни ҳибсга олгани айтилмоқда. Гумондор фуқародан 5,5 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.
Пскент прокурори ёрдамчиси 1500 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. Маълум қилинишича, у судья орқали судланувчига енгил жазо тайинланишига эришишни ваъда қилган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини 300−400 доллар эвазига олиб беришни ваъда қилган гумондор шахслар ушланди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Тошкент, Самарқанд ва Жиззахда электр энергияси учун кўп миқдорли қарздорликни ўчириб беришни ваъда қилган ҳудудий электр таъминоти корхоналари ходимлари қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Май ойида Учтепа туман прокуратураси терговчиси 50 минг доллар пора билан ушланган эди. Яшнобод туман суди гумонланувчини айбдор деб топиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Йил бошидан буён ўқишга киритиш билан боғлиқ 127 та жиноят фош этилди, шундан 34 таси ўқишни хориждан Ўзбекистонга кўчириш билан боғлиқ. Ҳудудлар кесимида энг кўп жиноят Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. 200 нафар ҳуқуқбузардан 31 нафари таълим соҳасида ишлаши маълум бўлди.
Қува туманида ЙПХ инспектори фуқаролардан пора олишга уринганликда гумонланмоқда. У ўтказилган тезкор тадбир вақтида ўзини носамимий тутиб кетиб қолган. Тўпланган ҳужжатлар прокуратурага оширилди.
Жиззах давлат педагогика институти бўлим бошлиғи фуқаронинг ўқишини кўчириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига $2500 олган вақтида қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркордан 35 минг доллар пора олаётган вақтида ушланди.
Самарқандда «Микрокредитбанк» филиали раҳбари тадбиркорга кредит ажратиб бериш эвазига 10 минг доллар пора талаб қилиб, айтилган сумманинг 6 мингини олаётганда қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг