Юнусобод туманидаги маҳаллалардан бирида туман ҳокими ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан маҳаллий тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизматига таяниб ЎзА хабар берди.

Ушбу шахс ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорга енгил типдаги савдо дўкони ўрнатиш учун маҳалла ҳудудидан 50 кв. м ер майдони ажратилиши учун тавсия беришни ва ер майдони ҳужжатларини танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бу йил бошидан бери ҳоким ёрдамчиларининг таъмагирлик қилиши бўйича биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ, Тошкент тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг синфдоши 4 сотих ерни 30 минг долларга сотмоқчи бўлганда ушлангани ҳақида ёзган эдик. Апрель ойи бошида Чуст тумани ҳокими ёрдамчиси ер ажратиб бериш эвазига $15 минг талаб қилганлиги учун ушланган эди.

Ҳоким ёрдамчиси лавозими йил бошида мамлакатнинг 9300 дан ортиқ маҳаллаларида жорий қилинган эди.

19 апрель куни президент Шавкат Мирзиеёв таъмагирлик билан шуғулланадиган ҳоким ёрдамчиларини танқид қилган эди.

Шунингдек, ДХХ хабарига кўра, Самарқанд вилоятида ҳам ер расмийлаштириш ва сотиш масалалари бўйича пора олиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, Самарқанд вилоят Тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Самарқанд шаҳар бўлинмаси мутахассиси чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Аниқланишича, у Нуробод туманидаги корхоналарда бирига тегишли 78 гектар лалми ер майдонини 135 минг АҚШ доллари эвазига тадбиркор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд туман бўлими катта инспектори ўзига тегишли фермер хўжаликнинг 20 гектар ер майдонини 50 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Пастдарғом туманида яшовчи, 1975 й.т. шахс ўзи иш бошқарувчи вазифасида фаолият юритаётган фермер хўжаликнинг 6 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 170 минг АҚШ долларидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.