2022 йилнинг ўтган даврида олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан боғлиқ 127 та жиноят фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Таъкидланишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик ёки пора сифатида қўлга киритилиши мумкин бўлган 384 млн сўм ва 457 минг АҚШ доллари сақлаб қолинган.

34 та жиноятда ўқишни хорижий давлатлардан Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилган шахслар ушланган. Бунда 81,8 млн сўм ва 168,2 минг АҚШ долларининг қўлга киритилишига чек қўйилган.

Шунингдек, коллеж ва техникумларга ўқишга киритиш билан боғлиқ 37 та жиноят фош этилиб, 22 млн сўм ва 27,5 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп жиноят Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳрида аниқланган:

  • Андижонда — 29 та,
  • Фарғонада — 27 та,
  • Тошкент шаҳарда — 26 та,
  • Самарқандда — 21 та,
  • Бухоро ва Тошкент вилоятларида — 17 тадан,
  • Наманган ҳамда Сирдарёда — 16 тадан,
  • Сурхондарёда — 9 та,
  • Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда — 6 тадан,
  • Қашқадарёда — 3 та;
  • Навоий вилоятида — 1 та.

Ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг 17 нафари олий таълим тизимида, 14 нафари коллеж ва лицейларда, қолган 169 нафари эса бошқа соҳаларда ишлаши маълум қилинди.