Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг мудофаа ишлари бўлими бошлиғи жиноят устида қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Жараёнда пойтахт туманларидан бирининг мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарога ноқонуний равишда ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига ўз хизмат автомашинасида ундан 600 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Бошқа бир ҳолатда эса Сирдарё вилоятидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан бирининг директори ёшларни касбга ўргатиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан унинг ўқув марказида таҳсил олаётганларнинг дарсларга қатнашиш ҳолатини мониторинг қилмаслик ва МЧЖ фаолияти бўйича текширув ўтказмаслик эвазига 300 доллар талаб қилиб, муқаддам 2 млн сўм олгани гумон қилинмоқда.

ДХХ ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 1,4 млн сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди, дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур мансабдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.