Жиззахда Педагогика институти бўлим бошлиғи ўқишни кўчириш учун пора олган вақтида ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Педагогика институти бўлим бошлиғи Б.И. фуқаро В.нинг Тошкент шаҳридаги «Y.T.» университетининг «Мактабгача таълим» йўналишидаги ўқишини танишлари ёрдамида институтнинг ушбу йўналишдаги факультетига кўчириб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди,

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Фарғона ва Наманган вилоятларида фуқароларни Қирғизистондаги ОТМларга ўқишга киритиб, сўнг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилганликда гумонланган шахслар ушлангани, улар фуқаролардан жами 5680 доллар ва 26 млн сўм талаб қилгани ҳақида ёзган эдик.