Самарқанд ва Фарғонада мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи вилоят бошқармасидаги мансабдор шахслар орқали маҳаллий фуқарони ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимга ишга қабул қилинишида ёрдам бериш эвазига ундан 2000 доллар талаб қилган.

ДХХ вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пулдан 1000 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Қўқон филиали бошқарувчиси маҳаллий тадбиркордан 3500 доллар пора олаётганда ушланди. У маҳаллий хусусий корхонага ажратилган кредитдан бўлган 62 млн сўм қарздорликни сўндириб бериш ҳамда ушбу қарздорлик бўйича қўйилган таъқиқни бекор қилиниши учун Мажбурий ижро бюросига хат қилиб беришни ваъда қилган.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан шахсгларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.