Навоий вилоятида иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдонини сотмоқчи бўлган уч нафар шахс қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, уч нафар фуқаро воситачи ёрдамида гумонланувчилардан бирининг ўғли номига ҳокимлик томонидан ажратилган 2 гектар ер майдонини ноқонуний равишда 200 минг долларга сотмоқчи бўлган. Ер иссиқхона қуриш учун имтиёзли шартлар асосида ажратилган бўлган.

Ер сотиш учун мўлжалланмагани ва харидор бу ерда уйлар қурмоқчи бўлганлиги сабабли, унга қўшимча 20 минг доллар эвазига бу масалани ҳал қилиш ваъда қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.