ЎзДЖТУнинг 19 ёшли талабаси Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси биносига керосин шишасини улоқтириб, ўт қўймоқчи бўлди. Суд уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Исроил шарқий Рафаҳда жон сақлаётган ўн минглаб ғазоликларни шаҳардаги эҳтимолий ҳарбий амалиётлар фонида гуманитар ҳудудга кўчиб ўтишга чақирди.
Жо Байден маъмурияти АҚШда ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни Исроилга етказиб беришни тўхтатди, деб ёзмоқда Axios. Бу бир марталик кечикишми ёки етказиб беришнинг вақтинчалик тўхтаб қолиши — аниқ эмас. Таъминотнинг тўхтатилиши Исроилда хавотир уйғотди, дея таъкидлади нашр.
Исроил расмийларига кўра, Гаагадаги Халқаро жиноий суд Ғазодаги уруш туфайли бош вазир Биньямин Нетаньяху ва бошқа Исроил расмийларига нисбатан айблов эълон қилиши мумкин. Суд, шунингдек, ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
АҚШ Сенати Вакиллар палатасидан сўнг Украина, Исроил ва Тайванга 95 млрд долларлик ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа юзасидан келишиб олишга салкам олти ой вақт кетди. Президент Байден ҳужжатни дарҳол имзолашга ваъда берди.
Исроил дронлар орқали, Эрон расмийларига кўра, Исфаҳон шаҳри яқинидаги ҳарбий ҳаво базасига зарба берди. Ҳужум пайтида портлаш овозлари эшитилган, ҳудуддаги ядровий иншоотларга зарар етмаган. Исроил мудофаа кучлари бу зарбага изоҳ бермади.
Форс кўрфази давлатлари Исроил ва Эрон ўртасида кенг кўламли уруш бўлишидан қўрқмоқда, чунки вазиятга уларнинг ўзлари ҳам жалб қилиниши хавфи мавжуд. Улар АҚШ билан биргаликда Тель-Авив ҳамда Теҳронга босим ўтказмоқда, деб ёзди Reuters.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият — Эрон-Исроил можароси кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда эканини билдирди. Бу кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин, — дейилади баёнотда.
Uzbekistan Airways Яқин Шарқдаги вазият туфайли 15 апрелга белгиланган Тошкент-Тель-Авив-Тошкент йўналиши бўйича HY301/302 рейсини бекор қилди.
13 апрель куни Эрон Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталарни учирди. Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилиб, мамлакат узоқ йиллардан буён Эрон ҳужумига тайёргарлик кўрганини, ҳукумат «ҳар қандай сценарийга, мудофаага ҳам, ҳужумга ҳам тайёрлигини» таъкидлади.
Исроил Суриядаги консуллигига уюштирган ҳужумидан кейин Эрон томонининг зарбасига тайёрланмоқда, деб ёзди жаҳон матбуоти. Бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам фуқароларини ҳушёрликка чақирди. Жо Байден АҚШ Исроил ҳимоясида ёрдам беришини айтиб, Эрон ҳукуматини «бундай қилмасликка» чақирди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроилда яшовчи фуқаролардан шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун яшаб турган жойини заруратсиз тарк этмасликни сўради. Аввалроқ ОАВ икки кун ичида Исроилга Эрондан тўғридан-тўғри ҳужум кутилаётгани ҳақида ёзганди.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидан қуруқликдаги қўшинларни олиб чиқиб кетаётганини эълон қилди, у ерда фақат битта бригада қолди. Исроил расмийлари ҳамон Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш ниятида.
Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилиши учун янги йўналишлар, жумладан, ҲАМАС билан уруш бошланганидан бери ёпиқ бўлган анклав шимолидаги «Эрез» назорат-ўтказиш пунктини очишини маълум қилди. БМТ аввалроқ Ғазонинг шимолий вилоятларида оммавий очарчилик хавфидан огоҳлантирганди.
Ўзбекистон ТИВ Исроил томонидан Эроннинг Суриядаги консуллигига қилинган ва бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлган авиазарбани кескин қоралади. «Хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади вазирлик.
Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига ракета ҳужуми уюштирди, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Теҳрон «кескин жавоб» бўлишини ваъда қилди.
Ғазодаги ҳаво ҳужумида World Central Kitchen озиқ-овқат ташкилотининг етти ходими ҳалок бўлди. Ташкилот бунда Исроилни айблади, аммо Исроил армияси зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. WCK сектордаги ишини тўхтатмоқда. Ғазонинг 300 мингга яқин аҳолиси яқин орада очликдан ўлим топиши мумкин.
Ўн минглаб одамлар Тель-Авив ва Қуддус кўчаларига чиқиб, Исроилда муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ва ҲАМАС гаровидагиларни озод қилишни талаб қилди. Бу намойишлар Ғазо уруши бошланганидан бери мамлакатдаги энг йириклари бўлди. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши илк бор Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 14 давлат қўллаб-қувватлади, АҚШ бетараф қолди.
БМТ Ғазо секторининг шимолий ҳудудларида яқин икки ой ичида оммавий очарчилик бошланишини башорат қилмоқда. БМТ раҳбари буни «мутлақ техноген фалокат» деб атади ва Исроил ҳукуматини анклав аҳолисига инсонпарварлик ёрдамидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беришга чақирди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг