Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо сектори жанубидан барча қуруқликдаги қўшинларини олиб чиқиб кетди ва у ерда фақат битта бригадасини қолдирди, деб хабар бермоқда Times of Israel нашри.

98-дивизия қўшинлари Хон-Юнис шаҳридаги тўрт ойлик ҳарбий амалиётлардан сўнг ҳудудни тарк этди. Ҳозир Ғазо жанубида фақат «Наҳал» пиёдалар бригадаси қолган, деб ёзади нашр. Унга анклавнинг шимолий ва жанубий қисмларини ажратиб турувчи «Нецарим коридори» хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юкланган. Бу ЦАХАЛга ҳудуднинг шимолий ва марказий қисмларида рейдлар ўтказиш имконини беради ва фаластинлик қочқинларнинг шимолга қайтишига йўл қўймайди.

ЦАХАЛнинг таъкидлашича, Хон-Юнис ҳужумидан кўзланган мақсадларга эришилган ва энди аскарларга тикланиш учун вақт керак бўлади.

Қўшинларнинг Хон-Юнисдан олиб чиқилиши Исроилнинг Рафаҳга режалаштирилган ҳужумига таъсир қилмайди, деб таъкидлайди Times of Israel. Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҳарбийлар энди 1,4 миллион фаластинлик қочқинларга бошпана бўлаётган Миср билан чегарадош шаҳар — «Рафаҳ ҳудудидаги миссияга» тайёрланишини тасдиқлади. Қочқинларнинг аксарияти секторнинг шимолий туманларидан келган.

Халқаро ташкилотлар ва бир қатор давлатлар, жумладан, АҚШ Исроилнинг аҳоли кўп бўлган шаҳардаги ҳарбий ҳаракатларига қарши чиқди ва тинч аҳоли қурбон бўлишидан хавфсираётганини билдирди. Исроил эса ҲАМАСнинг қолган батальонларини йўқ қилиш учун Рафаҳда қуруқликдан операция ўтказиши кераклигини таъкидламоқда.

«Ғазода уруш давом этмоқда ва биз уни тўхтатишдан йироқмиз, — деди ЦАХАЛ бош штаб бошлиғи Герци Ҳалеви. — Биз Ғазо секторининг ҳеч қайси қисмида фаол ҲАМАС бригадаларини қолдирмаймиз. Бизнинг режаларимиз бор ва қарор қабул қилганимизда ҳаракатланишни бошлаймиз».

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху аввалроқ бир неча бор Рафаҳдаги операцияни ўтказиш бўйича ҳарбий режаларни маъқуллаганини, бироқ уларга ҳали яшил чироқ ёқмаганини таъкидлаган эди, дея аниқлик киритди Times of Israel. У Исроил ҳукумати ҳужум бошлашдан олдин тинч аҳолини эвакуация қилишига ишонтирган.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, қўшинларнинг олиб чиқилиши ҲАМАС асирлигида қолган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш тўғрисида келишувга эришиш бўйича Мисрдаги музокараларнинг янги босқичига тайёргарлик кўрилаётгани ва ўт очишни тўхтатишга эришилгани фонида содир бўлди. Келишув январь ойидан бери муҳокама қилинмоқда, бироқ томонлар ҳали келишувга эришмади.

  • Ўтган ҳафта Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилиши учун янги йўналишлар, жумладан, ҲАМАС билан уруш бошланганидан бери ёпиқ бўлган анклав шимолидаги «Эрез» назорат-ўтказиш пунктини очишини маълум қилди. ОАВ бу АҚШ босими остида амалга оширилганини ёзди. Президент Жо Байден Нетаньяхуни Исроил анклавдаги гуманитар инқирозни ҳал қилиш учун чоралар кўрмаса, АҚШнинг Ғазодаги уруш бўйича сиёсати ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирди.