Исроил Суриядаги Эрон консуллигига берилган зарбадан кейин Эрон ёки унга тегишли кучлар томонидан ҳужум бўлишига тайёрланмоқда, чунки Теҳрон бунда Исроил ҳарбийларини айбламоқда, деб ёзади Reuters.

Ҳиндистон, Франция, Польша ва Россия ўз фуқароларини минтақага саёҳат қилишдан огоҳлантирмоқда, АҚШ эса Исроилдаги Америка элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига мамлакат ичида саёҳат қилишни тўхтатиб туришни буюрди. Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси ҳам Исроилда яшовчи Ўзбекистон фуқароларини эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирди.

Исроил ҳарбийлари одамларни ҳушёр бўлишга чақирди, аммо тинч аҳолига янги кўрсатмалар бермади. «Ўтган кун давомида ҳарбийлар вазиятни баҳолади ҳамда Эрон ҳужуми ҳақидаги хабарлар ва баёнотлар ортидан бир қанча сценарийлар бўйича режаларни тасдиқлади», — деди Исроил Мудофаа армияси вакили Даниэль Ҳагари.

АҚШ расмийларининг CBS News телеканалига маълум қилишича, Эрон ҳужуми 100 дан ортиқ дрон ва ўнлаб ракеталарни ўз ичига олиши ҳамда Исроил ҳарбий объектларига қаратилиши мумкин. Телеканал суҳбатдошларига кўра, Тель-Авив учун бундай катталикдаги ҳужумдан ўзини ҳимоя қилиш қийин бўлади. Шу билан бирга, улар Теҳрон маҳаллийроқ ҳужумни танлаши мумкинлигини тан олди.

Politico нашри, ўз навбатида, Эрон АҚШнинг аралашувига олиб келадиган «минтақавий можарони қўзғатмай, сигнал юбориш» учун Исроилга йирик жавоб зарбаси бериш режаларини ўзгартираётганини ёзди. Reuters хабарига кўра, АҚШдаги эронлик манбалар ва дипломатлар ҳам Теҳрон Вашингтонга вазиятни кескинлаштирмасликка ишора қилгани ва «шошилинч ҳаракат қилмаслиги»ни айтган.

Wall Street Journal манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ Эроннинг Исроилга тўғридан-тўғри ҳужумининг олдини олишга умид қилиб, Тель-Авив ва минтақадаги Америка қўшинларини ҳимоя қилиш учун иккита бузғунчи кемаларини қайта жойлаштирган. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, Эрон расмийлари Исроилга ҳужум қилиш режаларини муҳокама қилмоқда, бироқ «якуний қарор ҳали қабул қилинмаган».

АҚШ президенти Жо Байден 12 апрель куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон Исроилга «кечроқ эмас, эртароқ» ҳужум қилишига ишонишини айтди. «Биз Исроилни ҳимоя қилишга содиқмиз. Биз Исроилни қўллаб-қувватлаймиз. Биз Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам берамиз ва Эрон муваффақиятга эриша олмайди», — деди у. Ҳозир Эронга қандай сигнал юбормоқчисиз, деган саволга Байден: «Бундай қилманг», — деб жавоб берди.

  • Апрель ойи бошида Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берган, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) етти нафар аъзоси ҳалок бўлган эди. Улар орасида ИИҚКнинг юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Исроил ҳужумга расман изоҳ бермади, бироқ Исроил расмийлари ҳужум ортида Тель-Авив турганини аноним равишда тан олди. Теҳрон бунга жавобан Исроилни «кескин жавоб» ҳақида огоҳлантирди.