Форс кўрфази давлатлари Эроннинг Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумидан сўнг минтақадаги кенг кўламли урушни тўхтатиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда, дея хабар берди Reuters Яқин Шарқдаги манбаларга таяниб.

Агентликнинг қайд этишича, сўнгги йилларда АҚШнинг иттифоқдошлари бўлган Форс кўрфази монархиялари минтақадаги хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш ва асосий эътиборни ўзларининг ички муаммоларига қаратиш учун ҳам Эрон, ҳам Исроил билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

БАА ва Баҳрайн 2020 йилда Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув имзолади. Саудия Арабистони ҳам худди шундай келишувга киришишни кўриб чиқди, бироқ Ғазо секторидаги уруш музокараларни издан чиқарди.

Эндиликда Яқин Шарқ можаролар кучайишининг энг катта таҳдидига дуч келмоқда, деб ёзади нашр. Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри уруш Форс кўрфази мамлакатларига тезда тарқалиши мумкин. Улардан баъзиларининг ҳаво ҳудуди Исроил ва Эрон ўртасида жойлашган ва у ерда Тель-Авивни ҳимоя қилишга ваъда берган бир қанча АҚШ ҳарбий базалари ҳам бор.

«Эскалация ҳеч кимга керак эмас. Ҳамма вазиятни жиловлаш ниятида. Босим нафақат Эронга, балки Исроилга ҳам жавоб қайтармаслик учун тааллуқлидир», — деди агентликка Форс кўрфазидаги ҳукумат доираларига яқин манба. Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг жавоби оқибатлари «бутун минтақага таъсир қилади».

Бошқа манбаларнинг таъкидлашича, Ироқ ва Иордания ҳам Эронни, ҳам АҚШни можаронинг кескинлашувини камайтиришга ундамоқда. Қзшма Штатлар, ўз навбатида, иттифоқчи араб давлатлари орқали Эронга хабарлар юбормоқда ва Исроилни ҳам тийиб туришга ҳаракат қилмоқда.

  • Эрон Дамашқдаги Эрон консуллигига уюштирилган ҳужумга жавобан 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга юзлаб дрон ва ракеталарни учирди. Исроил ракета ва дронларни уриб туширишга муваффақ бўлганини билдирди ва Эроннинг тўғридан-тўғри ҳужумига жавоб қайтаришга ваъда берди. Эрон ҳукумати бундай ҳолатда яна зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.