Исроил ҳукумати Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун янги йўналишлар очилганини эълон қилди, дея хабар бермоқда Times of Israel Исроил бош вазирининг идораси баёнотига таяниб.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро бошланганидан бери илк бор «Эрез» назорат-ўтказиш пункти Ғазо секторининг шимолий ҳудудлари билан чегарада очилади. Бундан ташқари, Исроил жанубидаги Ашдод порти ҳам вақтинча очилади.

Исроил, бундан ташқари, «Керем-Шалом» ўтказиш-назорат пункти орқали Иорданиядан келаётган ёрдам миқдорини оширишга рози бўлди. Ушбу гуманитар маршрутлар айнан қачон очилиши ҳозирча номаълум.

«Ёрдам ҳажмини ошириш гуманитар инқирознинг олдини олади. Ва жанговар ҳаракатларни давом эттириш ҳамда ҳарбий мақсадларга эришишни таъминлаш учун жуда муҳимдир», — дея Исроил ҳукумати вакилининг сўзларидан иқтибос келтирмоқдаTimes of Israel.

Исроилнинг баёноти Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасидаги телефон суҳбатидан бир неча соат ўтиб янгради. Бу баёнот Исроил авиазарбалари оқибатида World Central Kitchen (WCK) гуманитар ташкилотида етти нафар ходим ҳалок бўлганидан кейин биринчиси бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида Австралия, Польша ва Буюк Британия фуқаролари ҳам бор.

Нашрнинг ёзишича, қўнғироқ чоғида Байден агар Исроил анклавдаги гуманитар инқирозни бартараф этиш ва кўнгиллиларни ҳимоя қилиш чораларини кўрмаса, АҚШнинг Ғазо секторидаги урушга оид сиёсати ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

  • 1 апрель оқшомида WCK ташкилоти кўнгиллилари кетаётган ёрдам карвонига Исроил самолётлари урилган. Машиналар гуманитар ёрдамни тушираётган пайтда ўққа тутилди. Исроил WCК карвонига қилинган ҳужумни «жиддий хато» деб атаган ва чуқурлаштирилган тергов ўтказилишига ваъда берган.
  • Аввалроқ БМТ Ғазонинг шимолий вилоятларида яқин икки ой ичида оммавий очарчилик бошланишини башорат қилганди. БМТ раҳбари буни «мутлақ техноген фалокат» деб атади ва Исроил ҳукуматини анклав аҳолисига инсонпарварлик ёрдамидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беришга чақирган.