Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқ (Сурия)даги консуллигига зарба берди, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг етти нафар аъзоси ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда CNN.

Ҳалок бўлганлар орасида ИИҚКнинг юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у Эрон ташқарисида махсус операциялар ўтказиш учун масъул «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. CNN`нинг таъкидлашича, Зоҳидий АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2020 йил январь ойида Бағдодда ИИҚК генерали Қосим Сулаймонийни ўлдиришга кўрсатма берганидан бери «энг муҳим нишон» бўлган.

исроил, сурия, эрон

Муҳаммад Ризо Зоҳидий. Фото: Fars Media Corporation / Wikimedia CC BY 4.0.

Ҳужумда ИИҚКнинг яна бир юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳам ҳалок бўлган.

Воқеа жойидан олинган кадрларда консулхона бутунлай вайрон бўлганини кўриш мумкин. Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарийнинг айтишича, Исроилнинг F-35 қирувчи самолётлари томонидан бинога олтита ракета учирилган.

Исроил расмийлари воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади, бироқ Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Хагари CNN`га ҳужум қилинган бино консуллик эмас, «„Қудс“ кучлари ҳарбий биноси» эканини айтди. Исроилнинг тўрт нафар расмийси аноним тарзда Дамашқдаги ҳужум ортида Исроил турганини тан олди, деб ёзмоқда New York Time.

Дамашқ консуллигига қилинган ҳужум Исроилнинг Суриядаги ИИҚК ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қаратилган зарбаларининг сўнггиси бўлди, дея аниқлик киритмоқда CNN. Телеканалнинг қайд этишича, ҳодиса «сўнгги томчи» бўлиши ва минтақада кескинликнинг янги босқичига олиб чиқиши мумкин.

Эрон ва Сурия Исроилни зарбани уюштирганликда айблади ва Теҳрон «кескин жавоб» бўлишидан огоҳлантирди. «Ҳизбуллоҳ», шунингдек, ҳужум ортидан «жазо ва ўлим» келишини ваъда қилди. Бундан ташқари, Эрон расмийлари АҚШни Исроилни қўллаб-қувватлагани учун «жавобгар» қилишларини билдирди.