Душанба куни кечқурун Исроил ҳарбийлари Ғазодаги World Central Kitchen (WCK) хайрия ташкилоти инсонпарварлик карвонини ўққа тутди. Бу ҳақда ташкилот маълумотларига таяниб, The Times of Israel хабар берди.

Таъкидланишича, ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлди, улар орасида Австралия, Буюк Британия ва Польша фуқаролари ҳам бор. World Central Kitchen ҳужумни «кечириб бўлмас» деб атади ва карвон ташкилот логотиплари билан тамғаланганини ва ҳаракат Исроил ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилганини билдирди.

Ҳаво ҳужумидан сўнг қонга бўялган Британия, Польша ва Австралия паспортлари, Дайр ал-Балада, Ғазо сектори, 1 апрель. Фото: APҲаво ҳужумидан сўнг қонга бўялган Британия, Польша ва Австралия паспортлари, Дайр ал-Балада, Ғазо сектори, 1 апрель. Фото: AP

World Central Kitchen Ғазодаги фаолиятини номаълум муддатга тўхтатади, дея маълум қилди ташкилот.

Исроил мудофаа кучлари маълумотига кўра, «фожиали воқеа» тергов қилинмоқда: ҳарбийлар «ушбу фожиали ҳодисани тушунишга ҳаракат қиляпти», Исроил армияси эса зарба учун жавобгарликни тўғридан-тўғри ўз зиммасига олмаган.

World Central Kitchen уруш пайтида Ғазода фаолият юритаётган асосий гуманитар ташкилотлардан биридир. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери ташкилот 32 миллиондан ортиқ овқат тарқатди.

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, Ғазо секторининг 300 мингга яқин аҳолиси яқин келажакда очликдан ўлим топиш хавфи остида.