19 апрель куни Исроил Эрон ҳудудига зарба берди, деб хабар қилмоқда CNN, The New York Times ва Bloomberg Исроил ва Эрон расмийларига таяниб.

Эрон расмийларига кўра, зарба Исфаҳон шаҳри яқинидаги ҳарбий ҳаво базасига берилган.

Ҳужум Эрон ичидан уюштирилгани тахмин қилинаётган кичик дронлар ёрдамида амалга оширилган. Радар тизимлари мамлакат ҳаво ҳудудига бостириб кирган бирорта ҳам самолётни аниқламади, деб ёзади NYT расмийларга таяниб. Нашр суҳбатдошларининг аниқлик киритишича, Исфаҳондан 800 километр шимолда жойлашган Табриз ҳудудида кичик дронларнинг алоҳида гуруҳи уриб туширилган.

Парвозларни кузатиш веб сайтларидан олинган маълумотларга кўра, 19 апрель эрталаб Эрондаги бир нечта аэропортлар ёпилган ва ҳудуддаги фуқаролик парвозлари йўналишлари бошқа томонга ўзгартирилган, бироқ Эрон авиация агентлиги тез орада парвоз чекловларини олиб ташлади.

Эрон ахборот агентликлари Исфаҳон ва Табриз яқинларида портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар бериб, Исфаҳондаги ядровий иншоотларга зарар етмаганини қўшимча қилди. CNN маълумотларига кўра, зарба нишони ядро иншоотлари бўлмаган. Эроннинг Fars агентлиги ҳужумнинг эҳтимолий нишони сифатида Исфаҳон аэропорти яқинида жойлашган ҳарбий радарни кўрсатмоқда.

Эрон ҳарбийлари Исфаҳон шаҳрида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа амалиётларидан сўнг ердаги объектларга ҳеч қандай зарар етмагани ҳақида хабари берди. Оммавий ахборот воситалари шаҳардан олинган видеоларни эълон қилмоқда.

Исроил мудофаа кучлари Эронга берилган зарбага изоҳ бермади.

Аввалроқ Bloomberg Исроил 18 апрель куни АҚШни яқин 24−48 соат ичида Эронга жавоб зарбаси беришидан огоҳлантирганини ёзганди.

  • 1 апрель куни Исроил самолётлари Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳужум қилганди. Зарбада Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлган. Эрон ҳужумга жавоб беришни ваъда қилганди.
  • 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига ўнлаб дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Уларнинг аксарияти Исроилга яқинлашаётганда, баъзилари Америка ва Британия кучлари ёрдамида уриб туширилган. Ҳужум оқибатида мамлакат жанубидаги «Неватим» ҳарбий базаси кичик зарар кўрган.
  • Ҳужум ортидан бир қанча Яқин Шарқ давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони ва БАА «ўзини тийишга» чақирди ва минтақада беқарорлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Исроил Эронга «сигнал юборадиган», аммо қурбонларга олиб келмайдиган жавоб вариантларини кўриб чиқаётганини таъкидлади. The Washington Post нашри манбаларга таяниб, Исроил иттифоқчилари «ортиқча жавоб беришни» истамаслигини, Исроил эса иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилишни исташини, бироқ ҳужумга жавоб беришни зарур деб билишини ёзди.