Uzbekistan Airways 15 апрель куни Тошкент — Тель-Авив — Тошкент йўналиши бўйича HY301/302 рейси бекор қилинганини маълум қилди.

Бу Яқин Шарқ мамлакатларининг бир қисми устидан ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан, шунингдек, Ўзбекистон авиация ҳукуматининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан боғлиқ, дейилади хабарда.

Бекор қилинган рейснинг йўловчилари чипталарни қайта брон қилишлари ёки жарималарсиз пулларини қайтариб олишлари мумкин. Бунинг учун Uzbekistan Airways компаниясининг Sales филиалига ёки хориждаги авиакомпания ваколатхоналарига мурожаат қилиш керак.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб ракета ва дронларни учирганди. Исроил мудофаа кучлари уларнинг 99 фоизи уриб туширилганини айтди. Исроил ҳужумга жавобан ҳаво ҳудудини вақтинча ёпди. Жаҳон авиакомпаниялари Эрон ва Ироқ орқали ўтадиган йўналишларни минтақанинг бошқа мамлакатларига ўзгартирди.